Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида 100% куйиб кетган жасад топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Хаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

Қайд этилишича, 28 май куни соат 19:00 ларда «Тошкент-Душанбе» автомобиль йўлининг Мирзаобод тумани, Янги ҳаёт МФЙ ҳудудидаги туман ҳокимлиги захира ер майдонидан Тошкент шаҳри, Учтепа туманида яшовчи Ф.П.нинг (1974 й.т., судланмаган, ҳайдовчи) мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими танасининг 100 фоиз куйиши оқибатида келиб чиққанлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди (Ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

«Sirdaryo xabarlari»нинг ёзишича, жасад ёнида оқ рангли Cobalt автомобили ҳам топилган бўлиб, автомобилга шикаст етказилмаган.