Ижтимоий тармоқларда жисмоний имкониятлари чекланган (кар-соқов) аёлга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлаётганлиги акс этган видео тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий муносабат билдирди. 25 майдан 26 майга ўтар кечаси соат 03.15 ларда 102 рақамига тез тиббий ёрдам муассасасидан келиб тушган хабарга кўра, 24 ёшли М.В. тан жароҳатлари билан келтирилганлиги аниқланган.

Ўтказилган терговга қадар текширув давомида 24 май куни, 28 ёшли М.Д. ўзининг Миробод туманидаги хонадонида икки нафар танишлари — 20 ёшли Д.Б. ва 23 ёшли М.М. лар билан бирга 24 ёшли М.В.га тан жароҳатлари етказишгани маълум бўлди.

Аниқланишича, аёл ўзи тушунтириб бермаган сабабларга кўра, ўзи яшаб келган ушбу хонадондан фақатгина 25 майдан 26 майга ўтар кечаси чиққан. Нукус кўчасида М.В. ўтиб кетаётган тез тиббий ёрдам машинасини тўхтатиб, қўл ҳаракатлари билан тиббий ёрдамга муҳтожлигини маълум қилган ва оёғидаги жароҳатларни кўрсатган.

Барча иштирокчиларнинг шахси аниқланиб, суд-тиббий экспертиза тайинланган. Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «в» банди (қийнаш, ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида содир бўлган воқеанинг сабаблари батафсил ўрганилади, дейилади хабарда.