Республика шошилинч тез тиббий ёрдами илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов 2021 йилда битта тез тиббий ёрдам чақириғи учун 7700 сўмдан маблағ ажратилганини таъкидлади. Бу ҳақда у АОКАда ўтказилган брифингда айтиб ўтди.

Таъкидланишича, президентнинг махсус фармони ва тез тиббий ёрдам хизматини махсус тез ёрдам машиналари билан жиҳозлаш стандарти 2016 йилда 15 000 аҳолига битта бўлса, 2017 йили фармон ишлаб чиқилгандан кейин 13 000 аҳолига битта тез ёрдам машинаси таъминланиши йўлга қўйилган.

Қайд этилишича, тез тиббий ёрдам бригадалари ҳозирги кунда 2685 тага етган. Бунда врачлар бригадасининг улуши 94,5% ни ташкил қилади.

Фото: Видеодан лавҳа

Тез тиббий ёрдам бригадалари чақирилган жойга етиб бориш вақтини минималлаштириш мақсадида қишлоқ оилавий поликлиникаларида тез ёрдамни қўллаб-қувватлаш пунктларини ташкил этиш орқали қўшимча 773 та тез ёрдам бригадаларини жойлаштириш пунктлари ташкил этилди. Ҳозирги кунда бундай бригадаларнинг умумий сони 1591 тани ташкил этади.

Фото: Видеодан лавҳа

«Тез ёрдам хизмати учун ажратилган маблағ сезиларли даражада ошган. 2020 йил дори-дармон ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун 58 млрд сўм ажратилган. 2016 йилга нисбатан 12 баравар кўп маблағ ажратилганини кўрсатади. 2016 йили битта чақириқ учун 745 сўмдан тўғри келган бўлса, 2021 йилда битта чақириқ учун 7700 сўмдан маблағ ажратилади», — дейди Тўлаганов.

Барча тез ёрдам станцияларида call-марказлар ташкил этилганлиги айтиб ўтилди. Бу эса диспетчердан тез тиббий ёрдам бригадаларига қўнғироқларни қабул қилиш ва узатиш вақтини сезиларли даражада қисқартиришга, тез ёрдам бригадаси келгунига қадар қўнғироқ қилаётган одамга телефон орқали консультатив ёрдамни ташкил этиш имконини беради.

Тўлагановнинг сўзларига кўра, тез тиббий ёрдамнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, унинг автоулов паркини янгилаш ва кенгайтириш, тез тиббий ёрдам гуруҳларини янги ташкил этилган пунктларга жойлаштириш натижасида чақирувларга кечикиш вақти 10−12% дан 1−2%гача камайган. Чақирувга етиб боришнинг ўртача вақти 20−30 дақиқадан, 8−12 дақиқагача камайган.