Austrian Airlines айни пайтда Австриядан Хитойга бўлган парвозини Беларус осмонини кесиб ўтмасдан амалга оширмоқда. Хитой ва Россия авиакомпаниялари эса парвозларни олдингидек йўл орқали, ўзгаришларсиз давом эттирмоқда.


Шунингдек, яқинда Uzbekistan Airways Беларус осмони орқали HY3551 парвозини амалга оширди.


Аввалроқ Литвада Беларус ҳаво ҳудуди орқали ҳаво қатновларни тақиқлангани ҳақида хабар берган эдик.

Бу Беларус ҳукуматининг Афинадан Вильнюсга учаётган Ryanair самолётини Минскка мажбурий тарзда қўндириб, Telegram’даги Nexta каналининг (Беларусда экстремистик деб тан олинган) асосчиси Роман Протасевични ҳибсга олгани учун Европа мамлакатларининг муносабатидир.

Европа Иттифоқи мамлакатлари Беларуснинг «Белавиа» авиакомпанияси самолётларини ҳамжамият мамлакатлари аэропортларига қўнишини тақиқлаши мумкин.

Шунингдек, Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти (ICAO) Беларус ҳудуди бўйлаб парвозларни тўхтатиш тўғрисидаги аризани қабул қилди.

Буюк Британияда авиакомпанияларга Беларус устидан учиб ўтмаслик талаби қўйилди ҳамда «Белавиа» авиакомпаниясига Буюк Британия ҳудудига қўниш тақиқлаб қўйилди.

Шу билан бирга, Европанинг бир қатор йирик авиакомпаниялари, жумладан, KLM (Нидерландия), Air France (Франция), SAS (Швеция), LOT (Польша), Wizz Air (Венгрия), Air Baltic (Латвия), Singapore Airlines Беларус орқали учишдан бош тортишди.

Украина ҳукумати ярим тундан бошлаб Беларус билан ҳаво қатновларини тўхтатишини маълум қилди. Шунингдек, Франция ҳукумати ҳам авиакомпанияларни Беларус орқали учмасликка чақирмоқда.