Литва Беларус ҳаво ҳудуди орқали ҳаво қатновларни тақиқлади

Литва ҳукумати республикага учиб келаётган ва ундан учиб кетаётган самолётларга Беларус устидан парвозни амалга оширишни тақиқлади. Тақиқ 25 майдан кучга киради. Вазирлар Маҳкамаси бу қарорни 24 май куни Беларуснинг Aфинадан Вильнюсга учаётган йўловчи самолётини Минскка қўнишга мажбур қилганидан сўнг қабул қилди. Шу билан бирга, Литва Беларуснинг Интерполга аъзолигини тўхтатишни таклиф қилди. Мамлакат ҳукуматининг фикрига кўра, Беларус сиёсий мухолифат вакилларини таъқиб қилишда халқаро ҳуқуқий воситаларини қўлламоқда. Шунингдек, Вильнюс Европа Иттифоқи томонидан Беларус ҳаво ҳудуди тижорат парвозлари учун хавфли деб тан олинишига ҳаракат қилмоқчи.

Бошқа хабарлага кўра, Венгриянинг Wizz Air ва Латвиянинг Air Baltic авиакомпанияларининг 24 май куни парвозларни Беларус ҳаво ҳудудини четлаб ўтиб амалга ошираётгани маълум бўлди.

Бельгия бош вазири Aлександр Де Кроо Европа Иттифоқини Беларусга қарши санкцияларни қўллаш орқали мамлакатнинг «Белавиа» авиакомпанияси самолётларини ҳамжамият мамлакатлари аэропортларига қўнишини тақиқлашга чақирди. Латвияда ҳам бундай таклиф билан мурожаат қилинди. Буюк Британия расмийлари авиакомпаниялардан Беларус устидан учиб ўтмасликка чақиришди.

Беларуснинг ўзида Ryanair авиакомпанияси билан содир бўлган воқеани тергов қилиш бўйича махсус комиссия тузилди.


Германия пандемияларга қарши курашиш бўйича халқаро шартнома тузишни таклиф қилди

Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Спан келгусида пандемияларнинг олдини олиш мақсадида халқаро шартномани ишлаб чиқишга чақирди. У ўз таклифини 74-Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясида эълон қилди. Ушбу шартноманинг вазифаси дунё бўйлаб инфекциялар тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатлар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш бўлади. Шу билан бирга, Германия вакили давлатларни ЖССТга бадалларини оширишга чақирди. «Хусусий фондларнинг баъзида дунёдаги энг йирик давлатларга қараганда кўпроқ пул ажратиши тўғри эмас. Ҳозир ЖССТни ислоҳ қилиш вақти келди», — дея таъкидлади у.

24 май куни Женевада 74-Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси очилади. У ерда коронавирус пандемияси билан курашиш ва янги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинади. — ТАСС.

Бундан аввал Буюк Британия янги пандемияларга қарши самарали кураш олиб борадиган халқаро экспертлар гуруҳи ташкил этилаётганини эълон қилган эди.


Ҳиндистонда 9 мингта хавфли замбуруғ тури билан касалланиш ҳолати қайд этилди

Ҳиндистонда мукормикознинг (замбуруғнинг бир тури) 8800 дан ортиқ ҳолатлари қайд этилган. ВВСнинг ёзишича, бу жуда кам учрайдиган касаллик, аммо коронавирус пандемияси фонида унинг ҳолатлари тез-тез учраб турмоқда. Мукормикоздан ўлиш эҳтимоли 50 фоизгача етади. Таъкидланишича, даволаш пайтида баъзи беморларнинг кўзлари олиб ташланади. Ушбу касалликни юқтириш ҳолатларининг ярмидан кўпи Гужарат ва Маҳараштра штатларига тўғри келмоқда. Мамлакатнинг 29 та штатида эпидемия эълон қилинишни мумкин. Шифокорлар касалликнинг тарқалиши COVID-19ни даволашда стероидлардан фойдаланиш билан боғлиқ деб ҳисоблашмоқда. Ҳинд шифокорларининг маълумотларига кўра, касаллик одам коронавирусдан тузалгандан 12−18 кун ўтгач аниқланмоқда. Мумбайда ўтказилган тадқиқотга кўра, мукомикоз билан касалланган барча беморлар диабетга чалинган ва юқтирганларнинг бирортасида қонда шакар даражаси нормал бўлмаган. — ВВС.


Беларусда Telegram’даги 50 дан ортиқ канал ва чатлар экстремистик деб топилди

Ҳозирга қадар Беларус судлари Telegram мессенжеридаги 50 дан ортиқ канал ва чатларни экстремистик деб топди. «24 май ҳолатига кўра, суд қарори билан 30 та Telegram канали ва 22 та Telegramдаги чат экстремистик деб топилди», дейилади вазирлик хабарида. Мамлакатда ушбу манбалардан маълумотларни тарқатаётганлар (репост, қайта жойлаштириш) маъмурий жавобгарликка тортилади. — ТАСС.


Эйнштейннинг мактуби 1,2 млн долларга сотилди

Фото: RR Auction

Aльберт Эйнштейннинг энг таниқли E=mc² формуласи ёзилган хати AҚШда ким ошди савдосида сотилди. Хабарга кўра, хат 1,2 млн долларга сотилган, бу кутилган нархдан уч баравар кўпдир.

Мактуб 1946 йил 26 октябрда битта вараққага ёзилган бўлиб, ўша пайтда Эйнштейннинг баъзи назарияларига қарши чиқаётган Людвик Зильберштейнга йўналтирилган эди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, дунёда фақат Эйнштейннинг ушбу формуласи ёзилган 3 та қўлёзма мавжуд. E=mc² формуласи илк бор 1905 йилда физикнинг илмий ишида пайдо бўлган. Ҳозирда формула замонавий физикада фундаментал тушунчалардан бири деб ҳисобланади. — ВВС.


Шунингдек:

  • Италиянанинг Пьемонте шаҳрида канат йўлида одамларни олиб кетаёган кабина арқондан узилиб, қулади. 14 киши ҳалок бўлди, улар орасида 9 ёшли бола ҳам бор.