Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида еттита машина иштирокида содир бўлган ЙТҲ акс этган видео лавҳалар тарқалди. Тўқнашув оқибатида Lacetti автомобили ёниб кетган. Видеода ёниб кетган автомобиль ичида йўловчи қолиб кетгани айтилмоқда.

Шунингдек, яна бир видеода юк машиналари иккита Lacetti`нинг устига ағдарилганини, пастликка битта енгил машина қулаганини ҳам кўриш мумкин.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 24 май куни соат 09:30ларда Ангрен шаҳридан ўтувчи А-373 автомобиль йўлининг «Наманган-Тошкент» йўналишида содир бўлган. Мазкур йўналиш бўйича ҳаракатланаётган MAN русумли тиркамали юк автомобили бошқарувини йўқотиб, ағдарилиб, ўзидан олдинда темир йўл кесишмасига етмай тўхтаган. Натижада иккита Lacetti, иккита Nexia-3, Cobalt, Gentra ва Matiz русумли автомобиллари билан тўқнашиб, ЙТҲ содир бўлган. Тўқнашув натижасида Lacetti русумли автомобили ёниб кетган.

Хабарга кўра, воқеа жойига Тошкент вилояти ФВБ ва Ангрен шаҳар ФВ бўлими, ИИБ, Прокуратура ва ССБ ҳамда тезкор-тергов гуруҳи ходимлари чиқишган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ҳайдовчиларнинг шахси ҳақида маълумот берди. Хабарга кўра, 40 ёшли М.У. бошқарувида бўлган тиркамали MAN русумли юк машинасида руль бошқарувини йўқотиб, йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган темир йўл кесишмасига етмасдан тўхтаб турган фуқаро 43 ёшли И.О. нинг бошқарувида бўлган Lacetti, 30 ёшли К.Р. бошқарувида бўлган Nexia-2, 44 ёшли Э.М. бошқарувидаги Cobalt русумли, 46 ёшли И.О. бошқарувидаги Lacetti русумли, 45 ёшли М.З. бошқарувидаги Lacetti русумли, 39 ёшли К.М. бошқарувидаги Nexia-3 русумли ва Matiz русумли автомашиналар билан тўқнашиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этган.

Натижада жами 7 нафар шахслар ҳодиса жойида вафот этган ва 14 нафар шахслар олган тан жароҳатлари билан шифохонага мурожаат қилганлар. Тан жароҳати олган фуқаролар Ангрен шаҳар Тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.