Якунланаётган ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳонда спорт соҳасида қатор воқеа-ҳодисалар содир бўлди. «Газета.uz» ушбу ҳодисаларнинг энг муҳимларидан ҳафталик спорт янгиликлари дайжестини тайёрлади.

11−15 май кунлари Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Россиянинг Хабаровск шаҳрида ташкил этилган халқаро турнирда қатнашишди. Собиқ Иттифоқ қаҳрамони Константин Коротков хотирасига бағишланган мусобақада ўзбекистонлик боксчилар 4 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритишди.

Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.

14−16 май кунлари Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида Бекет Махмутов хотирасига бағишлаб дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё кубоги бўлиб ўтди. Мусобақада Осиё мамлакатларидан 200 га яқин татами усталари иштирок этишди.

Осиё очиқ кубогининг дастлабки икки кунида ўсмирлар татамига чиқишган ва унда Ўзбекистон терма жамоаси 6 та олтин, 8 та кумуш, 11 та бронза медалини қўлга киритди. Сўнгги кунги баҳслар натижаларига кўра, ўзбекистонлик дзюдочилар 6 та олтин, 2 та кумуш, 6 та бронза, жами 14 та медалга эга чиқишди.

Ўзбекистон терма жамоаси битта олтин медаль фарқи билан умумжамоа ҳисобида мезбонлардан сўнг 2-ўринни банд этди.

18 май куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 ҳамда ОК-2023 қўшма саралаш баҳслари олдидан ўтказиладиган йиғинда иштирок этадиган футболчиларнинг кенгайтирилган таркибини эълон қилди.

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Маълумот учун, саралаш учрашувлари Саудия Арабистонида марказлашган ҳолда бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сингапур, Яман ва Саудия Арабистони терма жамоаларига қарши ўйнайди.

Шу куни президент Шавкат Мирзиёев «Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, Миллий паралимпия қўмитаси ташкил этилади.

2021 йил якунига қадар барча мавжуд давлат спорт объектлари ва иншоотларида жисмоний имконияти чекланган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш белгиланди.

19 май куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 9-тур учрашувлари якунланди. 9-турда бўлиб ўтган учрашувлар натижаси ҳамда турнир жадвали билан танишинг:

Фото: ЎзПФЛ матбуот хизмати

Фото: ЎзПФЛ матбуот хизмати

Ўзбекистонлик боксчи Фазлиддин Ғоибназаров профессионал боксдаги навбатдаги жангини 26 июнь куни Лас-Вегасда ўтказади. Бу ҳақда боксчининг ўзи «Olamsport.com» сайтига маълум қилган.

21 май куни Иорданиянинг Амман шаҳрида таэквондо WТ бўйича Осиё қитъаси учун йўлланма берувчи лицензион турнирнинг биринчи куни ўтказилди. Ўзбекистонлик таэквондочилар Нигора Турсунқулова аёллар ўртасида — 67 кг, Улуғбек Рашитов эса эркаклар ўртасида — 68 кг вазн тоифасида Токио-2020 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритишди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

«Пахтакор»дан ташқари яна 8 та Суперлига ва 4 та Про лига жамоаларининг акциялари ҳокимликлар ва давлат компаниялари маъмуриятига, уларни кейинчалик сотиш шарти билан топширилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги энди «Бунёдкор»нинг ҳам эгаси ва бош ҳомийсига айланди.

Шунингдек, жума куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Пахтакор» футбол клуби раҳбарияти билан учрашди. Унда ҳоким «Пахтакор» ҳамиша ўзбек футболи фахри бўлиб келганини, бундан буён клубда барча шароитлар муҳайё этилишини маълум қилди.

Жамоа Ўзбекистонда етакчиликни сақлаб, Осиё Чемпионлар Лигаси ғолибига айланиш мақсадида ўз ҳаракатларини мунтазам кучайтириб боришига урғу берилди. Бунинг учун барча зарур шароитлар яратиб берилиши, ёш футболчилар ва академияга эътибор қаратилиши айтилди. Қолаверса, клубдаги дўстона муҳит янги ғалабалар ва ривожланиш йўлида асосий қадам бўлиши таъкидланди.

Фото: «Пахтакор» матбуот хизмати

Учрашув якунида «Пахтакор» бош мураббийи Питер Хюистра ва жамоа сардори Егор Кримец миннатдорчилик сифатида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга рамзий маънода «Пахтакор»нинг биринчи рақамли либосини тақдим этишди.