Президент Шавкат Мирзиёев 18 май куни «Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Мазкур ҳужжат жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни кенгайтириш ҳамда улар ўртасида спорт билан шуғулланувчилар қамровини янада оширишга йўналтирилган.

Барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт бўлимларини босқичма-босқич ташкил этиш ҳамда иқтидорга эга бўлган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни танлаб олиш, уларни спорт турларига йўналтириш, тайёрлаш ҳамда олий спорт маҳоратига эришишини таъминловчи узлуксиз ягона комплекс тизимни жорий этиш режалаштирилган.

Паралимпия спорт турлари бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини яратиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини рағбатлантириш, жисмоний ва ижтимоий мослашуви интеграциясини дастурий-услубий таъминлаш, касбий реабилитация ва кадрлар тайёрлаш кучайтирилади.

Қарор билан Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси негизида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ташкил этилади.

Қўмита олдида паралимпия спорт турларини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш вазифалари туради.

Вилоятларда паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида қўмитанинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Паралимпия факультети ташкил қилинади. У Паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар ва услубчи-йўриқчилар, кўзи ожизлар, кар ва заиф эшитувчилар, ампутантлар билан ишловчи мутахассислар (сурдо, тифло-сурдо ва халқаро-сурдо таржимонлари) ҳамда бошқа кадрларни тайёрлаш билан шуғулланади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида, шунингдек, бошқа тегишли олий таълим муассасаларида «Паралимпия» кафедраси, шунингдек, «Адаптив соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт» магистратура мутахассислиги очилади.

Паралимпия қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг спорт объектлари, иншоотлари ва жиҳозларидан фойдаланган ҳолда улар базасида Паралимпия қўмитаси ҳузурида Паралимпия спорт марказлари йўлга қўйилади.

Қарор билан 1 сентябрдан бошлаб «Спорт ҳамма учун» лойиҳасини амалга ошириш бўйича ташаббуси маъқулланди. Лойиҳаси доирасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни параспорт турлари билан кенг қамраб олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятга интеграция қилиш мақсадида бир йилда бир марта Параспорт халқаро фестивали ўтказилади.

3 декабрь куни — Халқаро ногиронлар кунига бағишлаб кўзи ожизлар, заиф эшитувчилар ва ампутантлар ўртасида параспорт турлари туркумига киритилган парастол тенниси, 5×5 футбол, голбол, параенгил атлетика, парапауэрлифтинг, парабадминтон, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича Тошкент шаҳрида республика параспорт фестивали, шунингдек, бошқа ҳудудларда параспорт фестиваллари ўтказилади;

1 июндан бошлаб республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларида назарда тутилган барча спорт мусобақаларини ташкил қилишда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида ҳам тегишли мусобақаларни ўтказиш чораларини кўрилади.

2021 йил якунига қадар барча мавжуд давлат спорт объектлари ва иншоотларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратилишини таъминлаши белгиланди.

Бундан буён Паралимпия қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари талабномаларига кўра жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт объектлари ва иншоотларидан фойдаланиш бўйича зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаши керак. Ушбу шароитларсиз бўлган объектларни молиялаштириш рад этилади ва улар давлат комиссияси томонидан қабул қилинмайди.