Суперлига (9) ва Про лиганинг (4) футбол клублари устав капиталидаги давлат улушлари уларни кейинчалик сотиш учун давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар (компаниялар) юрисдикциясига ўтказилади. Бу қарор Вазирлар Маҳкамасининг 30 апрелдаги «Футбол клублари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қароридан келиб чиқиб, қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, Тошкент ҳокимлиги пойтахт «Бунёдкор»нинг эгаси ва бош ҳомийси бўлади. Aввалроқ, Газета.uz шаҳар маъмурияти «Пахтакор»нинг бош ҳомийси бўлиши ҳақида ҳам хабар берган эди.


Суперлиганинг «Навбаҳор» (Наманган) ва «Сурхон» (Сурхондарё) клубларида, шунингдек Про-лигада ўйнаётган «Шўртан» (Қашқадарё), «Нефтчи» (Фарғона) ва «Динамо» (Самарқанд) клубларида давлат улушлари вилоят ҳокимлиги бошқарувига ўтказилади. Шунингдек, «Насаф» (Қашқадарё) — «Шўртан Газ Кимё Комплекси», «АГМК» — ОКМК, «Бухоро» — Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, «Локомотив» — «Ўзбекистон темир йўллари», «Метталург» — «Ўзметкомбинат», «Машъал» — «Ўзбекнефтгаз» футбол клублардаги давлат улушлари хўжалик жамиятларига ўтказилди.

Бир ой ичида рўйхатга олинган ташкилот ва компаниялар Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда стадионлардан самарали фойдаланиш ва уларнинг рентабеллигини ошириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиши керак.

Ушбу «Йўл харитасида» эса қуйидагилар назарда тутилади:

  • давлат ва хусусий шериклик шартлари асосида футбол стадионларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш, шунингдек уларнинг йил давомида доимий фаолият юритишини таъминлаш;
  • стадионларда йил давомида ўтказиладиган спорт тадбирлари (мусобақалар, спорт тўгараклари), концерт ва бошқа оммавий тадбирлар сонини кўпайтириш;
  • стадион ҳудудида умумий овқатланиш жойлари (кафе, ресторан), спорт дўконлари, кўнгилочар жойларни (кинотеатр) ташкил этиш.

Ушбу ўзгаришлар юзасидан 12 май куни Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев изоҳ берди (кейинчалик бу хабар каналдан ўчирилди).

У Давлат активларини бошқариш агентлигидан 13 та жамоанинг давлат улушини ҳокимликлар ва компаниялар ваколатига қайтаришининг сабабларидан бири сифатида ОФКнинг норозолигини кўрсатган. «ОФК барча клублар бир ташкилотга тегишли бўлиши мумкин эмаслиги баён этилган Лицензиялаш регламенти билан бунга қарши чиқди. Шундан келиб чиқиб, ВМ профессионал футбол клублари устав капиталидаги давлат улуши ва хўжалик жамиятларининг улушларини баланс қийматига ошириш ҳисобига берилиши ва кейинчалик белгиланган тартибга сотилиши бўйича қарор чиқарди. Яъни, 2030 йилга қадар бу 13 клуб барибир сотиб улгурилиши керак», — дея қўшимча қилади Имомхўжаев.