«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Халқаро оила куни арафасида никоҳ ва оилавий муносабатларнинг энг долзарб масалалари, мавжуд оилавий муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимини топишга қаратилган социологик тадқиқотлар ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўтказилган сўровларда республиканинг барча ҳудудлари, шаҳар ва қишлоқ жойларида яшовчи, турли соҳа ва тармоқларда банд бўлган 18 ва ундан катта ёшдаги фуқаролар иштирок этди, дейилади хабарда. Сўровномада қатнашган иштирокчилар сони ҳақида маълумот берилмаган.

Сўров натижаларига кўра, ўзбекистонликлар молиявий мустақиллик, оила учун алоҳида доимий уй-жойнинг мавжудлиги ва бўлажак эр-хотиннинг жисмоний саломатлигини оила қуришнинг асосий шартлари, деб ҳисоблайдилар.

Аксарият респондентлар (76,5 фоиз) ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш керак, деб ҳисоблайдилар. Бунда ўзбекистонликларнинг фикрига кўра (73,4%), тайёргарлик жараёнида асосий ролни ёшларнинг ота-оналари ўйнаши лозим.

Тадқиқот натижалари фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги никоҳни тузишда ФҲДЁда рўйхатга олиш тартиб-таомилини мажбурий, деб ҳисоблашини кўрсатди (97,1 фоиз). Мазкур кўрсаткич барқарор бўлиб, бир неча йилдан бери шу даражада турибди.

Респондентларнинг кўпчилиги никоҳга киришда «никоҳ» диний тўй маросимини ёки черковда никоҳлаш маросимини ўтказиш зарур, деб ҳисоблайдилар (98,5 фоиз). Ўзбекистонликлар тиббий кўрикдан ўтиш (95,6 фоиз) ва никоҳ шартномасининг имзоланишини (55,9 фоиз) ҳам никоҳ тузиш тартиб-таомилининг муҳим шартлари, деб ҳисоблайдилар.

Сўров натижаларининг кўрсатишича, 41,2 фоиз иштирокчиларнинг оилаларида низо ва жанжаллар бўлиб туради. Фуқароларнинг фикрига кўра, қуйидагилар сўнгги йилларда оилавий можаролар юзага келишининг асосий сабаблари ҳисобланади:

  • оила аъзолари ўртасидаги ўзаро тушунмовчилик;
  • моддий қийинчиликлар;
  • ўзининг оилавий мажбуриятларига масъулиятсиз муносабатда бўлиш;
  • эр-хотиндан бирининг ўз ҳукмини ўтказишга, сўзсиз бўйсундиришга эришишга интилиши;
  • бошқа оила аъзоларининг манфаатлари ва фикрини инобатга олмаслик;
  • оила аъзоларининг бир-бирига бефарқлиги; эр-хотиндан бирининг спиртли ичимликларга ружу қўйиши;
  • оиланинг бирон-бир аъзоси касаллиги ва шулар билан боғлиқ муаммолар.

Сўров иштирокчиларининг аксарияти эр томонидан хотинга нисбатан жисмоний куч ишлатилишига йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Бироқ ўзбекистонликларнинг жамоатчилик фикрида хавотирли тенденция ҳам кузатилади: 10,3 фоиз респондентлар айрим ҳолларда куч ишлатиш мумкин, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрига кўра, аёл ўз хатти-ҳаракати билан эрини куч ишлатишга мажбур қилган ҳолларда жисмоний зўравонлик ҳолатига йўл қўйиш мумкин.

Респондентларнинг фикрича қуйидаги омиллар аёлга нисбатан жисмоний зўравонлик намоён бўлишининг сабаблари ҳисобланади:

  • спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш (23,5 фоиз);
  • ўзаро тушунмовчилик (22,1 фоиз);
  • моддий қийинчиликлар (20,6 фоиз).