Квотада белгиланган ва ов қилиш учун рухсатнома берилган иккинчи Тянь-Шянь қўнғир айиқ ов қилинмайди, дея Ekologuz Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Биохилмахиллик ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар масалалари бўйича бош бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқов маълумотларига таяниб хабар бермоқда. Аввалроқ, қўмита рухсати асосида россиялик овчи Евгений Широков битта ҳайвонни ўлдирган эди.

«Квотадаги иккинчи айиқ ўрнатилган тартибда, яъни қонун устоворлигидан келиб чиққан ҳолда кўрилиб, бўлиб ўтган жамоатчилик эътирози инобатга олиниб, иккинчи айиқни отишга рухсат берилмайди», — маълум қилди қўмита вакили.

Абдурашид Содиқов яна бир бор Давлат экология қўмитаси томонидан ёввойи ҳайвонларни овлашга квота ажратиш тартибини тушунтириб берди. Мутахассис таъкидлашича, Россия фуқароси Евгений Широковдан бирданига иккита айиқни отиш тўғрисида ариза келиб тушган, шунинг учун у 2021 йил 31 декабргача рухсат олган.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Ўтган ҳафта Давлат экология қўмитаси рус овчиси томонидан Тянь-Шань қўнғир айиғини ўлдирилишига изоҳ бериб, ҳайвонни отиш учун рухсатнома беришда қонунга тўла риоя қилинишини маълум қилган эди.