Ижтимоий тармоқларда Россия фуқароси «Қизил китоб»га киритилган 2 дона айиқни овлаш учун Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раисидан рухсат олганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда ekologuz телеграм-канали хабар бермоқда.

Маълумотга кўра, Россия фуқароси Широков Е.П.га 2021 йил 3 март куни Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Алишер Максудовнинг имзоси билан 400030-сонли рухсатнома берилган.

Мазкур рухсатнома экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ туман инспекциясида 4-сон билан 2021 йил 31 март куни рўйхатга олинганлиги айтилмоқда.

Овчи Россия Федерация фуқароси Широков Е.П. эса Бўстонлиқ туманида 1 дона қўнғир айиқни отиб, у билан суратга тушган. Таъкидланишича, мазкур айиқлар атиги 150 дона атрофида қолган.

«Қизил китобга киритилган жониворларни ов қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли «Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида"ги қарори билан тартибга солинади», — дейилади хабарда.

Макзур ҳолат юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси расмий изоҳ берди.

«Мақола муаллифи Наргис Қосимова бу борадаги амалдаги қонунчиликни яхши ўрганмасдан жамоатчиликни чалғитиш орқали қўмита раҳбариятини ёмонотлиғ қилиш мақсадида одамларни жунбушга келтирадиган хабар тарқатган», — дейилади хабарда.

Қўмита рухсатнома бериш жараёни қонунчиликка тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилганлигини таъкидламоқда.

«Ҳозирда бу масала бўйича асосли раддия тайёрланмоқда. Раддия яқин орада барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади», — дейилади баёнотда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳолат юзасидан фикр билдириб, бу масалада парламент назорати кераклигини ва қўмита раиси тушунтириш бериши кераклигини айтиб ўтди.

Маълумотларга кўра, овчи «Тоғ овчилари клуби» га кўра у 2020 йилда 18 та ўлжани қўлга киритиб, 2020 йилнинг «Йил овчиси» унвонини олган. У 2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонга Бухарский уриал (тоғ қўйи) овлаш учун келган экан.

Маълумот учун, 2020 йилнинг февраль ойида бу ҳайвонлар БМТнинг «Кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвон турларини сақлаб қолиш» Конвенциясига киритилган эди.