14 май куни Нью-Йоркда Ўзбекистон ва Доминика Ҳамдўстлиги ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги қўшма баёнот имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Икки давлат ҳукуматлари номидан ҳужжат Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили, элчи Бахтиёр Ибрагимов ва Доминиканинг БМТдаги доимий вакили, элчи Лорин Баннис-Робертс томонидан имзоланди.

Доминика Ҳамдўстлиги Кариб денгизининг шарқида жойлашган орол давлатдир. Мамлакат майдони 751 кв.км.ни, аҳоли сони эса 70 минг кишини ташкил этади. Доминика БМТ, Британия миллатлар Ҳамдўстлиги, Кариб Ҳамжамияти (CARICOM), Кариб умумий бозори ва Шарқий Кариб давлатлари ташкилоти аъзоси ҳисобланади.


Фото: Dominica Consulate Greece.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ тузилмаси доирасида биргаликдаги ишларни ривожлантиришга бўлган қизиқишини тасдиқлади. Ўзбекистон ва Доминика Ҳамдўстлиги ўртасидаги ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини аниқлаш бўйича икки томонлама алоқаларни мунтазам давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Доминика Ҳамдўстлиги Ўзбекистон дипломатик алоқалар ўрнатган 137-мамлакатга айланди.

3 февраль куни Ўзбекистон Сан-Марино билан дипломатик алоқаларни ўрнатган эди.