Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Учтепа туманидаги Тепақўрғон маҳалласига ташриф буюрди. Шу ернинг ўзида пойтахт ва туманлар ҳокимлари иштирокида хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш ва ишчи ўринларини кенгайтиришга бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорларга кредит бериш ўрнига уларга биноларни ижарага беришни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, улар ўз бизнесларини ижарага олинган бинода бошлаганлари маъқул, бу эса ўз фаолиятини якунлаган тақдирда хавф-хатар, зарар ва салбий оқибатларни камайтиришга хизмат қилади.

Шаҳар ҳокими бу 150 кишини эмас, балки 400 кишини иш билан таъминлайди деган фикрда.

«Биз таҳлил қилиб чиқдик. Бу 300 млрд сўмни (кредит учун ажратилган маблағ) 150 киши 2 млрд сўмдан олади, бор йўғи… У тадбиркорни ҳеч нимаси йўқ, уни лойиҳаси бир ойдан кейин куйиши мумкин, пуллар эса қайтмайди. Тадбиркорни ҳам ёмон аҳволга солиб қўймайлик…», — деди ҳоким.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев аввалроқ қурилган ва янги бунёд этилаётган кўп қаватли биноларнинг биринчи қаватлари бўш ётганини қайд этди. У уларни бизнес бошлаш учун ижарага бериш кераклигини айтди.

Пойтахт ҳокими президентдан ўзлари фойдаланмаётган ва бошқаларга ҳам бермаётган бино эгалари учун пеня жорий этишга рухсат сўради.

«Ўшанда шаҳар ижара бозорида нархлар тезда тушишни бошлайди. Олий Мажлис ёки [халқ депутатлари] кенгаш орқали [рухсат берсангиз]», — дед у.

Ҳоким мол-мулк ижарага берилмаган ёки 6 ой фойдаланилмаган бўлса, ижарачилар учун пеня жорий этиш таклифини билдирди. Учрашувда шунингдек, прогрессив солиқ ставкасини йўлга қўйиш ғояси ҳам илгари сурилди.

«Фақат уйларнинг тагида [мол-мулк] эмас. Агар тадбиркорлар ўзини жойидан 6 ой ичида фойдаланмаса, улар пеня тўлаши керак», — деди президент объектларни шаҳардаги жойлашувидан келиб чиқиб пеня ҳисоблаш зарурлигини айта туриб. Мисол учун, пеня ставкаси четроқ ҳудудларга қараганда шаҳар марказида кўпроқ бўлади.

Шавкат Мирзиёев ҳоким таклифини маъқуллаб, бир йил ичида Тошкентда тажриба ўтказиш ҳақида кўрсатма берди. Унинг сўзларига кўра, янги тартиб ҳам хусусий, ҳам давлат мулкига нисбатан тадбиқ этилади.