11 май, сешанба куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 1-сонли туғруқхонада олинган видео тарқалди. Видеода қайд этилишича, муассасада Янгийўл туманида рўйхатда бўлганлиги сабабли ҳомиладор аёлни қабул қилиш ва унга тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортишган. Воқеага Соғлиқни сақлаш вазирлиги изоҳ берди.

Ушбу масала бўйича соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев раислигида шаҳар ва республика туғруқхона муассасалари бош шифокорлари иштирокида шошилинч йиғилиш бўлиб ўтди.

Вазият ўрганиб чиқилгач, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан ҳомиладор аёл О. С. (2000 й.т.) Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида рўйхатдан ўтганлиги ва ҳозирда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида истиқомат қилаётганлиги аниқланди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 29 апрель куни соат 04:25 да Х. М. оғриқдан шикоят қилаётган рафиқасини пойтахтнинг Сергели туманидаги 1-сонли туғруқхонасига олиб борган. Навбатчи шифокор аёлни текширувдан ўтказиб, унга «биринчи ҳомиладорлик, 41-хафта, туғруқнинг 1-даври латент фазаси» ташхисини қўйган.

Аммо аёлнинг алмашув варақасида Янгийўл тумани 69-сон қишлоқ шифокорлик пунктида рўйхатда турганини инобатга олиб, дислокация бўйича Янгийўл тумани туғруқ комплексига ёки Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникасидаги туғруқ бўлимига бориш тавсия қилинган. Тахминан бир соат ўтгач, соат 7:40 да оғирлиги 3700 гр бўлган қиз дунёга келган. Туғруқдан кейинги давр асоратсиз ўтган. Шу йилнинг 3 май куни аёл фарзанди билан аҳволи қониқарли ҳолатда уйига жавоб берилган, дейилади вазирлик баёнотида.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, ушбу вазият юзасидан ўзи масъул бўлган йўналишда шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўрмагани учун Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда репродуктив саломатлик бўйича ўринбосари Р.Ҳаитбаева ишдан бўшатилган. Бундан ташқари, ушбу туғруқ комплекси бош шифокори Р. Алимжанова ҳам эгаллаб турган вазифасидан озод этилган. Шунингдек, ўз ишига совуққонлик билан қарагани ва ҳомиладор аёлга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатмагани учун қатор тиббиёт ходимларига ҳам тегишли чоралар кўрилди, дейилади хабарда.