Самарқанд шаҳар ҳудудида коронавирус инфекциясини юқтириб олиш кўрсаткичи бир неча баробар ошиб бораётгани сабабли таълим муассасаларида карантин яна 14 кунга узайтирилди, дея хабар бермоқда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Абдужаббор Пўлатов.

«Самарқанд шаҳар ҳудудида инфекцияни юқтириб олиш кўрсаткичи бир неча баробар ошиб бораётганлиги ва унинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида комиссиянинг навбатдаги қарори тасдиқланди. Унга кўра, 14 кунлик янги карантин даври жорий этилди, яъни 10 майдан 25 майга қадар шаҳардаги мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида дарс жараёнлари онлайн шаклда давом этади», — дейди у.

Аввалроқ, Бухоро вилоятидаги 11 та умумтаълим мактаби ҳамда Тошкентда 35 та ОТМ, 132 та мактаб ва 22 та болалар боғчаси икки ҳафтага карантинга ёпилгани ҳақида хабар берилган эди.