Тошкентда коронавирус ҳолатлари тасдиқлангани сабабли 35 та олий таълим муассасаси икки ҳафтага карантинга ёпилди, дея хабар қилди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати пойтахт бошқармаси вакили Нодира Султонмуродова.

Унинг сўзларига кўра, 15 та ўрта махсус таълим муассасаси, 132 та мактаб, 22 та мактабгача таълим муассасаси, учта даволаш-профилактика муассасаси ва иккита хизмат кўрсатиш объекти ҳам 14 кунга ёпилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Тошкентда ҳар куни COVID-19 мавжудлигини аниқлаш учун 8000 лаборатория текшируви ўтказилиб, 2,5−3,5% ҳолларда вирус тасдиқланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, фақатгина 2 май куни пойтахтда 188 кишида коронавирус (бутун Ўзбекистон бўйлаб 363) аниқланган.

Аввалроқ «Газета.uz» Тошкент вилояти ва Самарқанд шаҳридаги мактаблар ва болалар боғчалари карантинга ёпилгани ҳақида ёзган эди.