Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) 6 май куни Американинг Pfizer компанияси ва унинг немис ҳамкори BioNTech билан Токиодаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг спортчилари учун COVID-19 вакцинасини етказиб бериш тўғрисида меморандум имзолаганини эълон қилди.

Спортчиларга вакциналарни тақсимлаш Миллий олимпия қўмиталари томонидан «ҳар бир мамлакатнинг эмлаш тамойиллари ва маҳаллий қонунчиликка мувофиқ равишда» амалга оширилади.

«Ушбу хайрия қилинган вакциналар Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларинининг барча иштирокчилари учун хавфсиз бўлишига ёрдам берадиган, шунингдек Япониядаги меҳмондўст мезбонларимиз билан бирдамликни кўрсатадиган чора-тадбирлар мажмуасининг яна бир воситасидир», — деди ХОҚ президенти Томас Бах.

Ўйинлар иштирокчиларининг катта қисми Японияга келгунига қадар эмланиши кутилмоқда. Қўшимча вакцина дозалари мавжуд вакциналар квоталарига ва бутун дунё бўйлаб режалаштирилган жўнатмаларга қўшилади.

Коронавирус пандемияси сабабли Токио ёзги Олимпия ўйинлари 2020 йилдан 2021 йилга қолдирилган. Улар 23 июлдан 9 августгача, Паралимпия ўйинлари — 24 августдан 5 сентябргача ўтказилиши керак.

Март ойида коронавирус пандемияси давом этаётганлиги сабабли, ўйинларни томошабинларсиз ўтказишга қарор қилинди. Чипталарни сотиб олган барча мухлисларга пул қайтариб берилади.