7 май куни давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, таниқли олим ва педагог Рустам Қосимов вафот этгани ҳақида ёзган эдик. «Газета.uz» маълумотларига кўра, у апрель ойининг бошидан бери касаллиги сабабли даволанаётган бўлган.

Шу куниёқ президент Шавкат Мирзиёев таъзияли хонадонга ташриф буюриб, марҳумнинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Рустам Қосимовнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан муносиб тақдирланиб, 2006 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.

Давлат раҳбарининг кўнгил сўраши оғир дамда марҳумнинг оиласига ҳамдардлик, катта далда бўлди, дейилади хабарда.

Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо қилинган. президент марҳумнинг эзгу ишларини ёдга олган.

«Жуда қайғудаман. Қўлимиздан келганини қилдик. Худонинг иродаси экан. Ватанга садоқатли, фидойи, ақлли, миллатимизнинг зиёлиларидан бирини йўқотдик. Биз жуда кўп йиллари бирга ишлаганмиз, оғир кунларимиз ҳам бўлган. Ҳозир ҳам менга энг катта ёрдамчи, маслаҳатгўй эди. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. Ишларини фарзандлари давом эттирсин», — деди у.

Марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.

Рустам Қосимов (1956) Тошкентда туғилган. У олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари (2001−2004), сўнгра вазир (2004−2008), шунингдек МДҲдаги шериклар билан алоқалар учун масъул бўлган, бош вазирнинг ижтимоий соҳа, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият масалалари бўйича ўринбосари (2004−2009) бўлиб ишлаган.

Бундан ташқари, у Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори лавозимида фаолият юритган (2001−2004), 2011 йилдан 2016 йилгача нафақада бўлган.

Кейинчалик меҳнат фаолиятини яна давом эттирган. Сўнгги йилларда президентнинг диний масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг ректори лавозимларида фаолият юритган.