Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов 64 ёшида оғир касалликдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази хабар бермоқда.

«Газета.uz» маълумотларига кўра, у апрель ойининг бошидан бери касаллиги сабабли даволанаётган эди.

Рустам Қосимов (1956) Тошкентда туғилган. У олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари (2001−2004), сўнгра вазир (2004−2008), шунингдек МДҲдаги шериклар билан алоқалар учун масъул бўлган, бош вазирнинг ижтимоий соҳа, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият масалалари бўйича ўринбосари (2004−2009) бўлиб ишлаган.

Бундан ташқари, у Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори лавозимида фаолият юритган (2001−2004), 2011 йилдан 2016 йилгача нафақада бўлган.

2016 йил 16 сентябрда у яна бош вазир ўринбосари, олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлди. 2017 йил июнь-ноябрь ойларида у президентнинг давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, шу билан бирга президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ректори бўлган. Кейинчалик у президентнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси (2017−2018) бўлиб ишлаган.

2018 йил 31 июлдан бошлаб президентнинг диний масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси — жамоат ва диний ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик хизмати раҳбари (қайта ташкил этилгандан кейин — президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ўзаро алоқалар бўйича маслаҳатчиси), 2019 йил ноябрь ойидан бошлаб эса, Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг ректори лавозимида фаолият юритган.