Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишини ўтказди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Давлат раҳбари Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги 24 та туманни қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштиришни таклиф қилди. Бунда қурилиш материаллари кластерларини, энг аввало, йирик корхоналар ва мавжуд инфратузилмага яқин ҳудудларда жойлаштириш зарурлиги таъкидланди. Мисол учун, Чуст, Фориш, Қоровулбозор, Шеробод туманларидаги цемент заводлари, Ўзбекистон туманидаги норуда конлари инфратузилмасидан фойдаланиб, бундай кластерларни ташкил этиш кераклиги айтилди. Ушбу туманларда инфратузилмани яхшилаш учун бюджетдан қўшимча 400 миллиард сўм, геология ишларини амалга оширишга 100 миллиард сўм ажратилади.

Вилоятлар томонидан қурилиш материаллари соҳасида 5 миллиард долларлик 1000дан зиёд лойиҳа таклифлари шакллантирилди. Йил охирига қадар 900 та лойиҳани ишга тушириш орқали 25 мингта иш ўрни яратиш белгиланди.

«Ўзсаноатқурилишбанк» ушбу лойиҳалар учун 300 миллион доллар маблағ жалб қилиши кутилмоқда. Бунга қўшимча, лойиҳаларни кредитлашга давлат томонидан «Саноатқурилишбанк» орқали қўшимча 200 миллион доллар ажратилади. Тадбиркорларга банк филиалларидаги консалтинг марказлари орқали амалий ёрдамлар кўрсатилади.

Янги турдаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун тадбиркорларга 15 миллиард сўмгача кафиллик берилади (ҳозирда 8 миллиард сўм). Бундан ташқари, миллий валютадаги кредитлар бўйича Марказий банк ставкасидан 10 фоизгача ортиқ қисми ва хорижий кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг 50 фоизи қоплаб берилади. Қишлоқ жойларидаги саноат зоналари ҳамда конлар ва карьерлар учун ер солиғи 10 бараваргача камайтирилади.

Геология қўмитаси раиси Бобир Исломов ва «Ўзсаноатқурилишбанк» бошқаруви раиси Сахи Аннақличев. Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Геология қўмитаси раиси Бобур Исломовга жорий йил 1 июлга қадар 500 та норуда қазилмалар конини аукционга қўйиб, инвесторларга сотилишини таъминлашни топширди. Улар базасида саноат корхоналари ташкил этилади. «Чўзмаслик керак. Тезроқ хусусийлаштириш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу имкониятлар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни 40 фоизга кўпайтириш, маҳсулотлар турини кенгайтириш ва импорт ўрнини босиш имкониятини яратиши таъкидланди.

Давлат раҳбари ҳокимларга вилоят ёки шаҳарга кирадиган импорт таркибини таҳлил қилиб, ушбу маҳсулотларни минтақада ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни топширди.

Масалан, сўнгги икки йил ичида 6 мингга яқин кўп қаватли уйлар қурилди, уларнинг қурилишида ишлатиладиган материалларнинг деярли 30 фоизи чет элдан келтирилган. Жорий йилда қурилиши режалаштирилган 100 мингга яқин хонадоннинг ҳар бирига камида 20−30 миллион сўмлик электр жиҳозлари, мебеллар, ошхона анжомлари ва бошқа уй-рўзғор буюмлари керак бўлади.

Масъул шахсларга бозор талабини таҳлил қилиш асосида оммабоп товарларни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳалар сонини кўпайтириш, бундай товарларни ҳудудлардаги саноат зоналарида оқилона жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

«Ўзстандарт» агентлиги зиммасига 24 та ихтисослашган ҳудудда замонавий лабораториялар ташкил этиш ва ишлаб чиқарувчиларни халқаро талаблар ва сифат стандартларига ўргатиш вазифаси қўйилди.

Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхоналарга халқаро стандартларни татбиқ этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи қопланади. Шунингдек, мажбурий сертификатлаштириладиган қурилиш маҳсулотларининг рўйхати 3 бараварга қисқартирилади (49 дан 16 гача).

Йиғилишда маҳаллий саноатни малакали кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди, чунки соҳада 10 минг муҳандис ва технологларнинг, шунингдек 40 минг мутахассиснинг етишмаслиги саноатнинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда, деди президент.

1 сентябрга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Германия ва Россия университетлари билан биргаликда ҳудудлар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда муҳандис ва технологларни тайёрлаш бўйича бешта йўналиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш топширилди.