30 апрелдан 1 майга ўтар кечаси Олмалиқнинг АГМК жамоаси Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида «Истиқлол»га қарши тўп сурди.

Зафар Полвонов ва Йован Жокич томонидан киритилган голларга «Истиқлол»дан Соиров пенальти орқали урган голи билан жавоб берди.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

«Ўйин кутилганидек қизиқарли ва шиддатли ўтди. Буни кечаги матбуот анжуманида ҳам таъкидлаб ўтгандим. Кеча айтганимдек, АГМК мухлислар учун ғалабага ўйнади ва жамоа ғурурини ҳимоя қилиш учун ҳам курашди. АГМК мусобақа давомида жамоамизни қўллаб-қувватлаган барча мухлисларга миннатдорчилик билдиради. Биз биргина мухлис бизга ишқибозлик қилса ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз», — деди у.

Шунингдек, ўйинда гол урган Йован Жокич ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Афсуски гуруҳдан чиқолмадик. Бу футбол. Келаси йили яна ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқишга ҳаракат қиламиз. Эндиликда бизни чемпионат кутмоқда ва барча диққат-эътиборни Суперлигада яхши иштирок этишга қаратамиз». — деди футболчи.

Шу тариқа мусобақанинг Ғарб минтақаси гуруҳ босқичи якунланди. «Ал Ҳилол» билан бир хил 10 очкодан тўплаганига қарамасдан «Истиқлол» ўзаро ўйинларда устунлик эвазига гуруҳ ғолиблигини қўлга киритди. «Шабаб Ал Аҳли» билан АГМК эса гуруҳда 7 очкодан тўплаб, ўзаро ўйинлардаги биргина гол фарқи туфайли амирликлар 3-ўринни эгаллашди.

АГМК эса ОЧЛ гуруҳ босқичидаги дебют мавсумида кучли гуруҳда 7 очко тўплади ва 2 ғалабага эришди. Зафар Полвонов эса мусобақада 4та гол уриб, жамоа тўпурарига айланди.