29 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Томонлар камбағалликка қарши курашиш бўйича Хитойда тўпланган катта тажрибани чуқур ўрганиш масаласида яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди. Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Хитой ҳукумати мамлакатда қашшоқлик тўлиқ бартараф этилганини эълон қилган эди. Ҳукумат сўнгги 8 йил ичида бунинг учун жами 246 млрд доллар сарфлаб, деярли 100 млн аҳолини қашшоқлик даражасидан олиб чиқди.

Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемиясига қарши курашда кўрсатилган амалий ёрдам учун ХХР етакчисига самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон ва Хитойнинг ваколатли идора ва ташкилотлари соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаб, аҳолини оммавий эмлаш бўйича биргаликдаги самарали ишларни кенгайтиради.

Ўзбекистон президенти «Ягона Хитой» сиёсатини ҳамда «уч ёвуз куч» — терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни доимо қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.

«Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги самарали мулоқот, шу жумладан минтақада муҳим инфратузилмавий лойиҳаларни, улар қаторида «ХХР — Қирғизистон — Хитой» автомобиль ва темир йўлларини қуриш лойиҳасини илгари суриш ишлари давом этаётгани қайд этилди. Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича таклифи қўллаб-қувватланди.

Етакчилар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталди.

Мураккаб шароитларга қарамасдан, пандемиянинг салбий оқибатларини камайтириш ва жорий йил бошидан ўзаро савдонинг 33 фоизга ўсишини таъминлашга эришилгани таъкидланди. Муҳим қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда. Мамлакатлар яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 10 млрд долларга етказиш, шунингдек, экспорт ва импорт кўрсаткичларининг мутаносиблигини таъминлаш сари муваффақиятли ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон Шанхай шаҳрида ўтадиган навбатдаги Импорт маҳсулотлари Хитой халқаро кўргазмасида фаол иштирок этади, дейилади хабарда.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Хитой етакчи корхоналарининг турли тармоқлардаги кооперациясини кучайтириш, шунингдек, иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларидаги лойиҳаларни илгари суришда ўзаро кўмаклашиш зарурлигини қайд этди. Кенг кўламли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик бўйича ўрта муддатли қўшма дастурни тайёрлаш ва қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Етакчилар Ўзбекистон-Ҳитой ҳукуматларараро қўмитаси фаолиятини кучайтириш ва яқин фурсатда унинг навбатдаги мажлисини ўтказиш топшириғини берди.

Суҳбат чоғида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан «Хитой — Марказий Осиё» форматидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги кўп томонлама муносабатлар ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатимизда ушбу ташкилотнинг саммитини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. ШҲТ Мулоқот гуруҳининг Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш ва ушбу мамлакатни иқтисодий тиклашдаги муҳим ўрни қайд этилди.

Етакчилар бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиқди ва ХХР раисининг Ўзбекистон Республикасига ташрифига пухта тайёргарлик кўриш муҳим эканини қайд этди.