Парламент Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» фракцияси раиси Алишер Қодиров давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлиши кераклиги ҳақидаги таклиф қуйи палата томонидан маъқулланмаганини маълум қилди.

Депутатнинг айтишича, фракция томонидан «Давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлсин, бошқа тилда бўлса давлат тилига таржимаси илова қилинсин, мурожаатларга жавоблар давлат тилида бўлсин», деган таклиф билдирилган.

«Бир ҳамкасбимизнинг „бизга ва фарзандларимизга ўзбек тилини ўрганиш қийин, биз ўз тилимизда мурожаат қилишни хоҳлаймиз“ деган гапи ҳам ғурурига тегмаган 65 та депутат… Бу масалага, ўлмасак, 10 йилдан кейин қайтарканмиз. Ҳозирча узр, овозимиз камлик қиляпти», — дейди Алишер Қодиров.

Ҳолат юзасидан ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Дониёр Ғаниев ҳамфикр билдирди.

«Давлат тили ўз номи билан давлатнинг фуқаролар билан расмий мулоқот тили бўлиши керак. Фуқароларнинг ўзаро шахсий мулоқот тилини эркин танлаш ҳуқуқини кафолатлаш билан бир қаторда уларнинг давлат органлари билан расмий мулоқоти давлат тилида бўлиши муҳим. Акс ҳолда давлат тилини тушуниш ва ўрганиш эҳтиёжи ҳеч қачон яратилмайди. Давлат тилидан кундалик ҳаётда фойдаланишда эҳтиёж яратилмас экан, истеъмолда у худди ҳозирги каби доимо иккинчи даражали тил бўлиб қолаверади», — дейди депутат.

Муҳокама давомида айтилган фикрлар ва тортишувлар, шунингдек, йиғилиш олди депутатлар орасида қилинган тарғибот ва музокараларга қарамай, минг афсуски етарли сондаги депутатларни биз илгари сурган таклифни маъқуллашга кўндиролмадик. Лекин қўмита таклиф этган таҳрир ҳам етарли овоз ололмади. Демак, ҳали умид бор. Балки кейинги ялпи йиғилишга қадар бошқа депутатларимизда ҳам ғурур, миллат ва она тилга бўлган муҳаббат ҳислари уйғониб қолар.

Шунингдек, Ғаниев қонун ижросини таъминлашнинг самарали механизми ишлаб чиқилиши зарурлигини айтмоқда.

«Қонунчилигимизда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишга оид ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш, назорат қилиш ва маъмурий баённомаларни тузишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилмаган. МЖтКнинг 42-моддасида давлат тилини менсимаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган бўлсада, лекин амалдаги тартибга кўра, давлат тили тўғрисидаги қонунга риоя этилиши устидан назорат этиш, аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан маъмурий ёки интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш фақатгина прокуратура органлари томонидан амалга оширилади.

Прокурорларнинг назорат предмет доираси кенглиги ва иш ҳажмининг катталиги инобатга олинса, амалиётда давлат тилига оид қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатларини аниқлаш ёки қонун бузилаётганлиги тўғрисидаги шикоятларни ўрганиш прокурорлар иш режасининг охирида қолиб кетиши аниқ. Биргина охирги 4 йил давомида бу турдаги маъмурий жавобгарликлар сони атига бир нечтани ташкил этгани, ўйлашимча, фикримни тасдиқлайди", — дейди у.

Депутат давлат тилига оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан самарали назорат ўрнатишни таъминлаш мақсадида аниқланган қонун бузилишлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколати аниқ бир ваколатли органга юклатилиши муҳимлигини таъкидлайди. «МЖтКга тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали давлат тилида иш юритиш талабларини бузганлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, дейлик, Адлия вазирлиги (ёки бошқа тегишли ваколатли орган) мансабдор шахслари томонидан маъмурий баённома тузилиб, судга юбориш тартиби белгиланиши лозим».

Олдинроқ, Қонунчилик палатаси вице-спикери Алишер Қодиров ўзбекларнинг янги авлоди таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда ўзлигини англамайдиган, она тилини билмайдиган ҳолда вояга етаётганини фожиа деб атаган эди.

Алишер Қодиров қонун лойиҳасининг 20 апрель куни бўлиб ўтган муҳокамасида «ХДПнинг советча қарашлари ва «Миллий тикланиш»ни азалдан жини суймайдиганлар билан қонунга жиддий эътибор бермаётганларнинг кайфиятлари» устуворлик қилганини таъкидлаган эди. ЎзЛиДеП аъзоси, депутат Расул Кушербаев эса давлат тили билан боғлиқ масалани кўп миллатли мамлакатда фақат қайсидир миллат тақдири билан боғлайвериш нотўғри эканлигини қайд этган. «Биз барчамиз кўп миллатли Ўзбекистоннинг фуқаролари шу юртнинг бир бўлагимиз», — деган эди у.