Наманган вилоятида 2 ёшли бола автомашина тагида қолиб кетиши оқибатида вафот этган. Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар бермоқда.

25 апрель куни соат 12:45 ларда, Наманган шаҳрида яшовчи 1978 йилда туғилган фуқаро «KIA BONGO III» русумли автомашинасини Янгиқўрғон туманида якка тартибдаги хусусий тадбиркор бўлиб ишловчи, 1988 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонига ҳайдаб келган. Ҳайдовчи автомашина юкхонасида бўлган музқаймоқларни тушириб, қайтиб кетиш мақсадида, транспорт воситасини орқа томонга ҳаракатлантирган вақтида, уйнинг орқа томонида бўлган уй эгасининг 2 ёшли ўғлини босиб юборган.

Натижада, бола воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўз.Р ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ, Наманган вилоятида 8 ёшли бола, 5 ёшли қизалоқ ҳамда 6 ёшли бола ЙТҲ оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.