Руслан Нурудинов Осиё чемпионатида силтаб кўтариш машқида 241 кг тошни кўтариб жаҳон рекордини ўрнатди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар бермоқда.

«Юнусобод спорт мажмуаси»да оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатининг эркаклар ўртасида -109 кг вазн тоифасидаги беллашувлари ўз якунига етди. Унда ўзбекистонлик Руслан Нурудинов олтин, Акбар Жўраев кумуш медални қўлга киритди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Силтаб кўтариш машқида олтин медаль учун икки ўзбекистонлик оғир атлетикачи ўзаро рақобат олиб боришди. Якунда Руслан Нурудинов 241 кг билан Осиё чемпионлигини қўлга киритиш билан биргаликда янги жаҳон рекордини ўрнатишга муваффақ бўлди. Кумуш медаль Акбар Жўраевга, бронза медали эса хитойлик Янг Чжега насиб этди.