15 апрель куни Бош прокуратура Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ва Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ўзини бош прокуратура ходими деб таништирган ва ер олиб беришни ваъа қилиб, пул талаб қилган шахс қўлга олинди, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, фуқаро А.Ж. ўзини Бош прокуратура Департаментида, яқин қариндоши эса Бош прокуратурада юқори лавозимда ишлашини қайд этиб, фуқаро Б.Ю.га Тошкент вилояти ҳудудида 1,5 гектар ер майдони ажратилишида тегишли қарор чиқартириб беришни ваъда қилган.

Ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига шу кунга қадар 51 100 долларни қўлга киритиб, қолган 24 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Гумонланувчи А.Ж. муқаддам Жиноят Кодексининг қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун қидирувда бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумондор шахс процессуал тартибда ушланган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.