16 апрель куни Ўзбекистон молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исоқов ва Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Ёщинори Фужияма ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш дастурини амалга ошириш учун 195 млн долларлик келишув ноталарини имзолашди. Бу ҳақда «Газета.uz» га элчихона хабар берди.

Ўзбекистон ҳукуматини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредит мамлакатни электр энергияси соҳасидаги сиёсий муаммоларни ҳал қилиш ва ижтимоий-иқтисодий тикланиш ҳамда барқарорлашувига ҳисса қўшишга қаратилган. Ушбу кредит Япония томонидан АҚШ долларида тақдим этилган Ўзбекистонга биринчи кредит бўлди.

«Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш билан бир қаторда электр энергиясига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда, шу муносабат билан мамлакатда электр энергиясини бошқариш, аниқ статистик маълумотлар, халқаро бухгалтерия ҳисоби стандартларига асосланган молиявий менежмент ва электр станцияларини эксплуатация қилиш, шунингдек, техник хизмат кўрсатишни кучайтириш каби вазифалар муҳим бўлиб турибди», — дея таъкидлашди элчихонада.

Кредит 25 йилга, Libor (олти ой) ставкаси бўйича 7 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 1,1 фоиз миқдорида ажратилди.

Ўзбекистоннинг Япония халқаро ҳамкорлик агентлигидан (JICA) умумий қиймати 333,4 млн долларлик иккита кредит жалб қилиш режалари март ойида эълон қилинган эди.