Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги сув тозалаш иншооти бир неча йилдан бери ишламай турибди, дея хабар берди Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев.

Фото: Расул Кушербаев / YouTube.

Унинг сўзларига кўра, Янгийўл шаҳрининг канализация тармоқларидан чиқаётган чиқинди суви тозаланмасдан Қорасув дарёсига қуйилади.

«Ишламай турган ушбу иншоат шу атрофда яшайдиган кўплаб одамларнинг дарди ва фожеаси. Кўп аччиқ хотиралар сабабчиси: ифлос ҳаво, ифлос сув, ғуж ғуж чивин-у пашшалар макони… Хатто ўспирин ёшдаги ўз жияним иншоатнинг қаровсиз очиқ чуқурчасига бехос тушиб кетиб ифлос сувдан вафот этган…», — деди депутат.

Расул Кушербаевнинг айтишича, 2019 йилда бош вазир Абдулла Ариповга илтимос қилинганидан сўнг, таъмирлаш ишлари бошланган. Бироқ, маълум бир муддат ўтгач, «Ҳисоб палатасининг тушунарсиз талаби билан» ишлар тўхтатилган.

«Янги тадбиркорлар ва лойиҳачилар келиб, янги лойиҳа устида ишлаймиз, технология бўйича қиламиз деб айтишди. Аммо қурилиш вазири (Ботир Зокиров) ва [собиқ] уй-жой коммунал хизмат вазири (Музаффар Салиев, ҳозирги Нурафшон ҳокими — таҳр.) буни хоҳламашди. Мен ўзим буни гувоҳи бўлганман», — деди у.

Фото: Расул Кушербаев / Telegram.

Депутатнинг сўзларига кўра, 2020 йилда сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

«Улар ҳукумат беришга тайёр бўлган пулни қабул қилишни хоҳлашмади, улар „ўйин“ уюштиришди. Ҳурматли вазир Ботир Зокиров янги, арзон лойиҳани қурилишини хоҳламади. Эски лойиҳа бўйича қиламиз деди. Янги лойиҳачини, тадбиркорни кет „керакмассан“ деб кетказиб юборди. У [лойиҳани] ўз дўстларига беришни хоҳлади, биз бунга гувоҳ бўлдик», — деди Расул Кушербаев.

Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, «вазирларнинг илтимосига биноан иш қолдирилган ва учинчи йил давомида иншоотда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган».

«Одамлар ишончни йўқотишмоқда: уларга берилган ваъдалар бажариладими? Расмийларга ишониб, одамларни бунга ишонтирган биз эса одамларнинг кўзига қарашга уяламиз… Сизлар бош вазирниям алдадингиз. Балки, давлат раҳбаригаям ишлар яхши кетаяпти деб „доклад“ берилгандир. Лекин ҳеч нарса қилингани йўқ», — деди у.

Депутат, шунингдек, бу ердаги ёқимсиз хид сабабли бу ердаги аҳолининг «энг асосий муаммоси меҳмон чақиришдан уялиш» дея таъкидлади.

«Қўпол қилиб айтганда, давлат томонидан ажратилган пулни иккала вазирлик бўлиша олмадингиз, вазирлар маблағларни битта тадбиркорга беришни хоҳламади», — деди Расул Кушербаев.