Ўзбекистон фармацевтика соҳаси ўзининг меъёрий ҳужжатларини Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) талабларига мослаштиришни бошлади. Бу ҳақда «Иннопром» халқаро саноат кўргазмасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев маълум қилди.

Aгентлик раҳбари ЕОИИ талабларини «жуда қаттиқ» деб атади, шу муносабат билан барча маҳаллий корхоналар жаҳон стандартларига мос келиши кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, Сардор Қориев Ўзбекистон фармацевтика саноатининг ЕОИИ билан бирлашувининг плюс ҳамда минус томонларига тўхталиб ўтди.

«Плюс жиҳатларига [ЕОИИнинг — таҳр.] келадиган бўлсак — бу катта бозор. Фармбозорларнинг „мини-глобализацияси“ бошқа мамлакатларга рижовланиш жадаллигини ушлаш имконини беради. Изоляцияланган бозорда мавжуд бўлиш доим осон. Aммо ташқи бозорга чиқилмаса, дунёда содир бўлаётган трендларни қўлдан чиқариш мумкин», — деди у.

У мисол тариқасида Россия биотехнологияси соҳасининг ривожланганини келтирди, Ўзбекистонда эса ушбу йўналиш энди ривожланишни эндигина бошламоқда.

«Минус томонлари — жуда қаттиқ назорат. Бу каби интеграция, глобализация бор экан маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бироз қийин. Чунки ҳаммага шартлар, талаблар бир хил… Яна бир минус жиҳати интеграция амалга ошмоқда, ўйин қоидалари бир хил ва кўплаб корхоналарга қийин бўлади. Яъни интеграцияга тайёр бўлмаган корхоналар фармбозорни тарк этишга мажбур бўлади», — деди Сардор Қориев.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда 1,17 млрд долларлик тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотларини импорт қилган (ундан олдинги йилга нисбатан ўсиш — 24,6 фоиз) бўлса, 23,4 млн долларлик маҳсулотларни экспорт қилган (ўсиш — 2,4 баравар). 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ички ишлаб чиқариш 235 млн долларга баҳоланмоқда.

2020 йилнинг мартида Президент Aдминистрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ЕОИИнинг Ўзбекистон фарм саноатига таъсирини баҳолади. Хусусан, маҳаллий ишлаб чиқаришларга берилган имтиёзларнинг бекор қилиниши фармацевтика маҳсулотлари нархининг ошиши кутилмоқда, аммо ўтиш даврига эришилса, у ҳолда имтиёзларнинг бекор қилиниши кечикишидан фойдаланиш мумкин бўлади ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар келгуси 10 йил ичида харажатларни 10−15 фоизга камайтириши мумкин.

Дори воситаларининг экспортида келинадиган бўлса, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, унинг ҳажми катта эмас ва асосий қисми (90 фоиздан ортиғи) учинчи давлатлар улушига тўғри келади. ЕОИИга қўшилиш нуқтаи назарига кўра, мавжуд экспорт ҳажми ўзгариши кутилмаяпти. Шу билан бирга, 220 та компаниядан 10 таси GMP махсус сертификатига эгалиги инобатга олинса (2020 йил охиридаги маълумотлар), маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини ЕОИИ мамлакатларида сотиш имкониятига эга эмас, чунки иттифоқ шартларига кўра, 2026 йилда барча фармацевтика маҳсулотлари GMP стандарти бўйича сертификациядан ўтиши лозим.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2020 йил 11 декабрь куни Евросиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчи мақомини олган эди.