2020 йилда ўсиш суръатларининг кескин секинлашувидан сўнг, 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти COVID-19 инқирози таъсиридан қисман тикланиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодиёт тўлиқ тикланишига қадар пандемиянинг ижтимоий заиф уй хўжаликлари ва қаттиқ зарар кўрган корхоналарнинг фаровонлигига таъсирини юмшатиш учун уларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарур. Бу ҳақда Жаҳон Банки томонидан эълон қилинган «Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича иқтисодий шарҳлар»нинг навбатдаги сонида айтилган.

«Савдо ҳамкорларининг иқтисодиёти ва жаҳон иқтисодиётининг яхшиланиб бориши, шунингдек, ҳукумат томонидан хусусий сектор келтириб чиқарадиган ўсишни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат корхоналарининг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш бўйича ислоҳотларнинг амалга оширилиши ва ишлаб чиқариш самарадорлигининг ошиши шароитида мамлакатнинг ўрта муддатли иқтисодий истиқболлари ижобий бўлади», — дейилади ҳисоботда.

Камбағалликни қисқартириш жараёнини жадаллаштириш учун аҳолининг расмий бандлиги, фуқароларнинг даромадлари ва иқтисодий имкониятларнинг ошишига олиб келадиган ислоҳотларга эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайди Жаҳон банки экспертлари.

Ислоҳотларнинг мураккаб босқичида уларнинг инклюзивлиги ва шаффофлигини таъминлаш керак

Экспертларнинг фикрига кўра, бозорни либераллаштириш жараёнининг бошланғич босқичи тугаганидан сўнг, Ўзбекистон ердан фойдаланиш ва эгалик қилиш ҳуқуқи, меҳнат бозори ва капитал бозорини ислоҳ қилиш, шунингдек давлат корхоналарини трансформация қилиш билан боғлиқ ислоҳотларнинг навбатдаги, мураккаброқ босқичига ўтмоқда.

Ўрта муддатли энг муҳим вазифа ислоҳотларнинг инклюзивлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўлади, дейилади ҳисоботда. Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш жараёнини жадаллаштириш ҳамда хусусий сектор келтириб чиқарадиган рақобатбардош ва инклюзив иқтисодий ўсиш моделини яратиш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтириш давлат томонидан бошқариладиган модель меросига барҳам беришга ёрдам беради.

Мамлакат аҳолисининг 9 фоизи камбағаллик чегарасидан пастда

Гарчи олдинги иқтисодий ўсиш модели ЯИМ ўсишининг юқори суръатларини таъминлаган бўлсада (2000 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда йилига ўртача 6%), тез ўсиб бораётган аҳоли учун иш ўринлари ва фуқаролар учун иқтисодий имкониятлар яратолмади.

«COVID-19 пандемияси оқибатида юзага келган инқироз бозор иқтисодиётига ўтишнинг янада муҳимлигини намойиш этди. Мамлакат аҳолисининг қарийб 9 фоизи ҳали ҳам камбағаллик чегарасидан (Жаҳон банки томонидан ўртача паст даромадли мамлакатлар учун ҳисоблаб чиқилган — 2011 йилда сотиб олиш қобилияти паритети бўйича ҳар бир кишига кунига 3,2 доллар) пастда яшамоқда. Бунданда кўпроқ фуқаролар ушбу чегарага яқин яшайдилар. Карантин чекловлари ўрнатилган вақтда бу муаммо янада кескинлашди — яна бир миллионга яқин фуқаро камбағаллик чегарасидан пастга тушиб қолишди», — дейилади ҳисоботда.

Жаҳон банки ҳукумат ушбу хатарларни камайтириш учун иқтисодиётнинг динамик ўсишини таъминлаш билан бир қаторда, соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларини такомиллаштириш орқали ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, меҳнат бозоридаги шароитларни яхшилаш ва инсон капиталини ривожлантиришдаги тўсиқларни олиб ташлаш бўйича ислоҳотларга эътибор қаратиши кераклигини таъкидлайди.

Хусусий секторнинг иқтисодиётдаги кенгроқ иштироки ва улуши ҳамда яратилган иш ўринларининг юқорироқ сифати ислоҳотлар муваффақиятининг муҳим белгиси бўлади. Пандемия таъсирининг давом этаётганлиги туфайли чекланган маъмурий имкониятлар билан ушбу муаммоларни ҳал қилиш қийинроқ бўлади.

Сўнгги тенденциялар

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2019 йилдаги 5,8 фоиздан 2020 йилда 1,6 фоизга кескин пасайди. Бунга карантин чекловларининг жорий этилиши ва пандемия сабабли савдо операцияларининг узилиши сабаб бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасида ўтган йилда иқтисодий ўсишни намойиш этган кам сонли давлатлардан бири бўлди, дейилади ҳисоботда.

Жаҳон банки мутахассислариниг фикрига кўра, бунга қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг барқарор ўсиши ва соғлиқни сақлаш ҳамда уй хўжаликлари ва корхоналарни иқтисодий қўллаб-қувватлашга харажатларни кўпайтиришга имкон берган ҳукуматнинг инқирозга қарши чоралари ёрдам берди.

Пандемия сабабли солиқ-бюджет рағбатлантириши ва инвестициялар, экспорт ва импорт ҳажмининг қисқариши 2020 йилда ЯИМнинг таркибий қисмларидан истеъмол (давлат ва хусусий) ўсишига олиб келадиган вазиятни яратди ва бу ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида биринчи марта талаб томонидан иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айланди.

Ишсизлик даражаси 2019 йилги 9% дан 2020 йил сентябрда 11,1% гача кўтарилди. Камбағаллик даражаси 9% гача кўтарилиб, 2020 йилда инқирозгача 7,4% бўлган кўрсаткичдан ошиб кетди. Бу пандемия сабабли иш жойларининг йўқотилиши, аҳоли даромадлари ва меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ. Ижтимоий ёрдам дастурларининг сезиларли даражада кенгайтирилиши мамлакатдаги зарар кўрган уй хўжаликларига маълум даражада ёрдам берди.

Тўлов балансининг жорий ҳисоб дефицити 2019 йилда ЯИМнинг 5,7 фоизидан 2020 йилда ЯИМнинг 5,2 фоизигача камайди. Бу олтин экспортининг 18 фоизга ўсиши натижасида келиб чиқди. Натижада экспорт умумий ҳажмининг қисқариши 15 фоизгача чекланди. Импорт асосан машиналар, ускуналар ва саноат моллари импортининг кескин пасайиши ҳисобига 17 фоизга камайди. Ташқи қарзларнинг кўпайиши тўлов балансининг жорий ҳисоб дефицитини қоплашга ёрдам берди.

Давлат бюджетига тушадиган тушумларнинг пасайиши ва бюджет харажатларининг ошиши оқибатида бюджет дефицити 2019 йилдаги ЯИМнинг 3,9 фоизидан 2020 йилда ЯИМнинг 4,4 фоизигача ўсди. Ялпи ички маҳсулот ўсишининг секинлашиши ҳамда ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар тўпламидаги солиқларни кечиктириш ва имтиёзлар (ЯИМнинг 2,5% атрофида) давлат бюджети даромадларининг қисқаришига олиб келди, шу билан бирга ушбу тўплам бўйича бошқа чоралар бюджетнинг харажатлар қисмини оширди.

Олтинни сотишдан тушган дивидендлар кўринишидаги давлат бюджетининг юқори даромадлари, баъзи бир устуворлиги юқори бўлмаган давлат харажатларининг қисқартирилиши ва мақсадли кредитлаш дастурлари солиқ-бюджет рағбатлантиришининг давлат бюджетига таъсирини сезиларли даражада қоплаб, унинг дефицити кескин ўсишининг олдини олди.

Давлат бюджети дефицитини қоплаш учун ташқи қарзларнинг кўпайтирилиши ташқи давлат ва ҳукумат томонидан кафолатланган қарзни 2020 йилда ЯИМнинг 37,9 фоизигача оширди. ЯИМнинг 60 фоизига тенг олтин-валюта захиралари ташқи таъсирларга қарши хавфсизлик ёстиғи бўлиб хизмат қилади.

Пандемия даврида ҳукумат томонидан тартибга солинадиган нархларнинг секинроқ ўсиши озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг бир оз кўтарилиши билан қопланди, бу эса 2020 йил декабрида йиллик истеъмол нархлари инфляциясининг 11% гача пасайишига олиб келди (бир йил аввалги 15,2% дан). Инфляциянинг пасайиш тенденцияси Ўзбекистон Марказий банкига асосий ставкани 16 фоиздан 14 фоизгача пасайтиришга имкон берди. Иқтисодиётни кредитлаш ҳажмининг ўсиши реал фоиз ставкаларининг юқорилиги, давлат томонидан бериладиган субсидияланган кредит дастурларининг қисқариши ва пандемия таъсири натижасида 2019 йилдаги 52 фоиздан 2020 йилда 34 фоизгача пасайган.

Корхоналар ва уй хўжаликлари учун ҳам йил давомида кредит тўловларини тўлаш бўйича муддатлар кечиктирилди. Банк сектори капиталининг етарлилик коэффитсиенти 2019 йил охиридаги 23,5% дан 2020 йил ноябрда 18,4% гача пасайди. Пандемия натижасида муаммоли кредитлар уч баравар кўпайиб, 2020 йил ноябрда умумий кредитларнинг 4,5 фоизига етди. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон молия тизими эҳтимолий кредит шокларини енгиш учун етарли капитал ҳажмига эга, деб ҳисоблайди ЖБ мутахассислари.

Иқтисодий ривожланиш истиқболлари

Жаҳон банкининг прогнозларига кўра, ЯИМ ўсиши 2021 йилда 4,8% гача тикланиши кутилмоқда. Бироқ ўсиш суръатига жаҳон иқтисодиёти тикланиши тезлиги ва аҳолини СОВИД-19ъга қарши эмлаш миллий кампаниясининг муваффақияти билан боғлиқ бўлган ноаниқлик таъсир қилиши мумкин.

Савдо ва инвестиция оқими, меҳнат мигрантлари пул ўтказмалари ҳажми, қишлоқ хўжалигида мўл ҳосилнинг босқичма-босқич тикланиб бориши ва аҳолини эмлаш иқтисодиётнинг тикланишига кўмаклашади ҳамда ишсизлик ва қашшоқликни янада камайтиришга ёрдам беради. Аҳолини вакцинация қилишнинг тезлашиши ва жаҳон иқитисодиётидаги узилишларнинг сусайиши билан ЯИМ ўсиши 2022 йилда юқорироқ (5,5 фоизгача) бўлиши прогноз қилинмоқда.

Йирик инвестиция лойиҳалари доирасида машиналар, ускуналар ва бошқа саноат маҳсулотлари импорти ҳажмининг тикланиб бориши билан 2021 йилда тўлов балансининг жорий ҳисоби дефицити ЯИМнинг 5,5 фоизигача ўсиши прогноз қилинмоқда. Тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг 2020 йилги пасайишдан сўнг қисман тикланиши прогноз қилинганига қарамай, давлат ва хусусий қарзлар тўлов баланси жорий ҳисоб дефицитининг катта қисмини молиялаштиришда давом этиши кутилмоқда.

Прогнозларга кўра, давлат бюджети даромадларининг қисқариши, вакциналар сотиб олиниши, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кенгайтирилиши ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини молиялаштириш ва корхоналарни давлат томонидан кредитлаш ҳажмининг ортиши бюджет тақчиллигини 2021 йилда ЯИМнинг 5,4 фоизигача оширади. У асосан давлат қарзларини кўпайтириш ҳисобига молиялаштирилади.

2021 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи ЯИМнинг 42 фоизини ташкил этиши ва ўрта муддатли истиқболда ЯИМнинг 45 фоизи даражасида барқарорлашиши кутилмоқда, дейилади ҳисоботда. Уй хўжаликлари ва корхоналар учун шароитлар яхшиланиши билан инқирозга қарши чораларни босқичма-босқич бекор қилиш ўрта муддатли истиқболда бюджет тақчиллигини камайтиришга олиб келади.