Президент Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни ўтказилган видеоселекторда соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупция ҳолатларига тўхталиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили соғлиқни сақлаш тизимида 30 млрд сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилинган. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент филиалида 828 млн сўм (аввалроқ, прокуратура ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатган эди), Тошкент педиатрия институти клиникасида — 423 млн сўм талон-торож қилинган.

Бундан ташқари, президент Жондор тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари 1 млрд сўмдан ортиқ маблағни ноқонуний сарфлаганини маълум қилган. «Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида бундай мисоллар жуда кўп», — дея таъкидлади у.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиевга соғлиқни сақлаш соҳасида «қонун устуворлиги ва жазонинг муқаррарлиги»ни таъминлаш устидан самарали назорат қилиш жавобгарлиги юклатилди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ажратилаётган маблағлар жойига етиб бориши, дори-дармон ва тиббиёт ускуналарининг очиқ-ошкора сотиб олиниши, пуллик хизматлардан тушумлар мақсадли ишлатилишини таъминлаш бўйича таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берган.

«Одамларнинг кўзларида нафрат. Улар давлат органлари юқори сифатли бепул даволанишни ташкил қила олмасликларидан норози», — деган давлат раҳбари.