Ўтган йилнинг 29 октябрида шарқшунос ва туркшунос олим Андрей Кубатин 36 ёшида коронавирус асоратлари сабабли вафот этган эди. Унинг опаси Клара Сахарова укаси бўлган 2-сонли Зангиота тиббиёт юқумли касалликлар шифохонаси ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраган эди.

Бош прокуратура ушбу факт бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижалари тўғрисида хабар берди.

2021 йил 28 январь куни Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент вилояти филиали суд-тиббиёт экспертизасида комиссион суд-тиббий экспертизаси тайинланган эди. 16-сонли хулосасига кўра, Андрей Кубатин, «COVID-19 инфекцияси, оғир кечиши, асорати икки томонлама шифохонадан ташқари интерстициал полисегментар пневмония, нафас етишмовчилиги III-даража, эндоген интоксикация, ўпка шиши, ўпка юрак қон томири етишмовчилиги 3-даражаси, ҳамроҳ гипертония касаллиги, семизлик 1−2-даражаси, шунингдек, полиорган етишмовчилик туфайли вужудга келган ўткир ўпка-юрак етишмовчилиги» дан вафот этган.

Хабарга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасида, бемор А.Кубатинга нисбатан ташхис тўғри қўйилганлиги кўрсатилган.

Хизмат текшируви ҳамда экспертиза хулосаларида, марҳум Андрей Кубатиннинг текширув ва даво муолажалари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 20 сентябрдаги 8-сон «Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни профилактика, диагностика, даволаш ва реабилитацияси буйича вактинчалик миллий методик тавсияси» га асосан тўғри ва асосли ўтказилганлиги қайд этилган.

Шу муносабат билан терговга қадар текширув натижасига кўра, туман прокуратураси томонидан 2021 йил 28 январь куни жиноят ишини кўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Андрей Кубатин 2017 йилда олим Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хиёнат қилиш) билан айбланиб, беш йилга (апелляциягача — 11 йилгача) озодликдан маҳрум қилинган эди.Айбловга кўра, у чет эл олимига ноёб китобларнинг сканер қилинган нусхаларини берган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу ишни уйдирма деб аташди. 2019 йил сентябрь ойида олим Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг қарори билан реабилитация қилинди.

Кубатин Тошкент давлат шарқшунослик институтида Хитой тарихи кафедрасида ишлаган. У Марказий Осиёнинг ўрта асрлар тарихи, туркий халқлар тарихи соҳасида тадқиқотлар олиб борган, шунингдек, Эрон халқлари тарихи — эроншунослик, сўғдшунослик фанларини ўрганган. «Фергана» билан суҳбатда олим ўзининг асосий монографияси деб «Турк хоқонлигида унвонлар тизими: ибтидо ва ворислик»ни атади.

Ҳали ҳаётлигида у Ўзбекистон ҳарбий судига 560 миллион сўм миқдорида моддий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. 10 декабрь куни Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова почта орқали суд қарорини олган, унга кўра товон пули 462 минг сўмни ташкил этади, шундан 446 минг сўм давлат божи тўлови учун, 16 минг сўм почта хизмати учун сақлаб қолинган эди.

Клара Сахарова суд қарори устидан апелляция бериб, етказилган маънавий зарар учун 3,5 млрд сўм маблағ ундириш сўраган эди.

«Газета.uz»га берган интервьюсида Клара Сахарова Андрей Кубатиннинг ушланиши ва қамоққа олиниши, қийноқлар, Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида даволаниши ва жиноий ишнинг унга ва унинг қариндошларига келтирган оқибатлари ҳақида гапириб берган эди.