29 октябрь куни шарқшунос олим, турколог Андрей Кубатин 36 ёшида коронавирус асоратлари туфайли вафот этди. 2017 йилда у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хиёнат қилиш) билан айбланиб, 5 йилга (апелляциягача — 11 йилга) озодликдан маҳрум этилганди. Айблов хулосаларига кўра, у чет эл олимига ноёб китобларнинг сканер қилинган нусхаларини топширган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу иш уюштирилганини таъкидлашган эди. 2019 йил сентябрь ойида олим Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг қарори билан оқланган.


Андрей Кубатин.

Кубатин Тошкент давлат шарқшунослик институти Хитой тарихи кафедрасида ишлаган. У Ўрта Осиёнинг ўрта асрлар тарихи, туркий халқлар тарихи соҳасида тадқиқотлар олиб борган, шунингдек, Эрон халқлари тарихи — эронология, сўғдология фанларини ўрганган. «Фергана»га берган интервьюсида олим ўзининг асосий монографияси «Турк хоқонлиги унвонлари тизими: генезис ва ворислик» эканлигини айтиб ўтган.

Ҳали ҳаётлигида у Ўзбекистон ҳарбий судига 560 миллион сўм миқдорида моддий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. 10 декабрь куни Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова почта орқали суд қарорини олди, унга кўра товон пули 462 минг сўмни ташкил этади, шундан 446 минг сўм давлат божи тўлови учун, 16 минг сўм почта хизмати учун сақлаб қолинган. Клара Сахарова суд қарори устидан апелляция берди ва маънавий зарар қопланиши учун ҳужжатлар тайёрламоқда.

«Газета.uz»га берган интервьюсида Клара Сахарова Андрей Кубатиннинг ушланиши ва қамоққа олиниши, қийноқлар, Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида даволаниши ва жиноий ишнинг унга ва унинг қариндошларига келтирган оқибатлари ҳақида гапириб берди.

Ноль миқдордаги компенсация

Судда даъво қондирилмади, фақатгина почта харажатлари қопланди. Андрей билан мен 560 миллион сўм сўраган эдик, чунки у қамоққа олинган пайтда ўриндошлик асосида икки жойда ишлаган. Бундан ташқари, у грантлар, шу жумладан ҳукумат грантлари билан шуғулланган. У таржималар билан шуғулланарди, 40 дан ортиқ тилларни биларди. Репетитор сифатида ишларди, консультациялар берарди. Биз буни умумлаштирдик. Яна транспорт харажатларини ҳам қўшдик. Тасаввур қиляпсизми, икки ярим йил тўхтовсиз, ҳар куни мен юқори турувчи барча идораларга мурожаат қилдим. Мен мурожаат қилмаган бирор ташкилот қолмади.

Бундан ташқари, у 15 кун изоляторда ўтирган, биз у ерга ҳамма нарсани, шу жумладан дори-дармонлар етказиб турдик, чунки у калтакланган ва қийноққа солинган эди. Тоштурмага ҳам (дори-дармон, озиқ-овқат, кийим-кечак, гигиена воситалари, протез тишлар қурилмаси — тишлар хабар қилинишига кўра МХХ тергов изоляторида уриб синдирилган) етказиб берардик.

Суд қарорига ҳеч қандай тушунтириш йўқ. Иш ёпиқ тартибда кўриб чиқилгани учун менга кўчирма беришди. Судга ҳуқуқ ҳимоячилари, қўллаб-қувватловчи гуруҳ, адвокатлар келишди — биз ҳаммамиз суд залига кирдик, аммо улар чиқариб юбрилди… менга ҳатто таҳдид қилишди: «Сиз нималарни ёзяпсиз? Бу махфий иш.» Ҳа, бу махфий, баҳслашмайман, аммо мен маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисида тилхат бермаганман, Андрей ҳам.


Клара Сахарова ва Андрей Кубатин.

«Ватанга хиёнат»

2017 йил бошида менинг Андрей Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш Агентлигига (ТIКА) таклиф қилинди, ўша пайтда агентликка Сулаймон Кизилтопрак раҳбарлик қилган. Улар кўплаб тилларда, шу жумладан турк тилида сўзлашадиган Андрейни таклиф қилишади ва ундан Ўзбекистоннинг тарихий жойларига сайёҳлик қўлланмасини тайёрлашни сўрашади. Андрей эса илм-фан билан шуғулланишини ва ҳатто биз учун ҳам бўш вақти йўқлигини айтади. У бу вазифани агентлик ходими Музаффар Жониев бажаргани яхшироқ эканлигини, ўзи эса 10 йил давомида тўплаган ўз кутубхонасидан фойдаланишларига қўйиб беришини айтади. Кутубхонадан ҳамма фойдаланиши мумкин эди, у китобларни ҳаммага тарқатарди. Кутубхона электрон шаклда эди, у 15 мингта китобнинг барчасини уйда сақлолмасдику.

Андрей унга намуна сифатида қўлланма беришини, кейин эса ўзи текширишини айтади. Улар шунга келишишди. Бир ҳафта ўтди. Жониев укамдан китобларни беришини илтимос қилиб, ҳоли-жонига қўймади. Андрей китобларни хард (қаттиқ) дискка кўчирди. 25 март куни Музаффар уни китобларни беришга кўндирди. Андрей Шарқшунослик институтидан чиқиб, Музаффар билан светофор ёнида учрашди ва унга китобларнинг электрон нусхаларини топширди. У Андрейга «Максим Горький»гача олиб боришни таклиф қилди ва у ердан эса ўзи уйгача етиб олади. Андрей рози бўлади.

«Боткин» бурилишида уларнинг йўлини оқ Cobalt кесиб ўтади, машинада терговчи Дониёр Абдуллаев ва яна бир йигит бўлган. Улар Андрейни Музаффарнинг машинасидан чиқариб, Cobaltга ўтирғизишади, уни дўппослай бошлайдилар. Андрей табиий равишда қаршилик кўрсатади. У Мирзо-Улуғбек ТИИБга олиб келинган ва бошқа фамилия билан рўйхатдан ўтказилган. У қўнғироқ қилди ва, МХХ терговчилари назорати остида, бизга ҳали ишлаётганини ва кечқурун бўшашини айтди. Мен бу ерда бир гап борлигини гумон қилдим. Кейинроқ, уни судга олиб кетишаётганини хабар берди. Бўйсунмаслик моддаси билан расмийлаштирилиб, Панельнийда (Тошкентдаги Панельний массивидаги вақтинча сақлаш маркази — таҳр.) 15 сутка ушлаб туришди.

Ҳар куни у ерга келиб, йигитлардан унинг аҳволи ҳақида суриштириб турдик. 3−4 кундан кейин бизга дори-дармонлар — антибиотиклар, малҳамлар олиб келиш кераклигини айтишди. Кейин билсам, уни тепишган, қисқаси барча жинсий аъзолари зарбланган.

15 суткадан кейин биз уни уйга олиб кетолмадик. Андрейни қора Lacetti га солишди ва Гвардейскаяга (ДХХ тергов изолятори — таҳр.) олиб кетишди. Ва шу ердан бизнинг азобларимиз бошланди. У ерда улар уни «юмшоқ» камерага жойлаштиришган (маҳбус ўзига зарар етказмаслиги учун), калтаклашган. Кейин уни умумий камерага юборишган, у ерда «лоҳмач» (камера сардорлари) Виктор Петрович Кунаев ёки Кулаев бор эди. У уни юрак соҳасига қаттиқ урган. Андрей унинг бўйи 2 метрдан баландроқ, улкан одам, ақли ҳам жойида эмас деб таърифлаганди… Юрак соҳасида қонталаш жароҳатлар пайдо бўлди, шифокорлар буни тасдиқлашди, лекин бу нарса ҳеч қаерда кўрсатилмади. Виктор ҳар кеча уни бўғишга уринган. Ана шу тарзда Андрей у ерда беш ойни ўтказди.


Андрей Кубатин ва унинг турмуш ўртоғи Феруза Джуманиязова.

У дўмбоққина, вазни 105 кг эди. Биз уни бир марта Гвардейскаяда, беш ойдан кейин эса Тоштурмада кўрдик. 105 кглик вазн йўқ эди, 70−73 кг вазнли инсонни кўриб турардик. Иккита чопонга ўраниб олган, бутун бўйин ва бош яраларда эди. У бошини кўтармасди, кўз ёшлари оқарди, гапиролмасди. Улар унинг олдига келиб, мени машина уриб кетишини, хотинини зўрлашларини, боласини ўғирлашларини ва «опанг нима қилишидан қатъи назар, биз қанча десак, шу муддатга «кесиласан» деб қўрқитишган. Буни Азиз қилган, эҳтимол бу тахаллусдир. Гарчи иш судга топширилган бўлса ҳам, уни у ерга қўйишга ҳақлари бўлмаса ҳам, Азиз Гвардейскаяга ҳам келган, Тоштурманинг ертўласига ҳам тушган.

2017 йил 1 декабрда унга 11 йил берилди. У ерда судья Умид Шакиров эди. Ҳаммаси келишилганди. Маслаҳат хонаси ўрнига у тўртта стол тенниси жойлашган коридорга чиқди. Кейин дунё ҳамжамияти, ОАВ қўшилди.

Бизда хусусий адвокат — Хуршид Тўлбобоев бор эди. Аммо укам Гвардейская бўлганида, у ерда адвокат Шаҳзод эди… Бизга ўз адвокатларимизни ёллашга рухсат беришмади. У гўёки укамнинг олдига бориб турган, лекин Андрей унинг фақат икки марта келганини айтди. Укам калтакланганини айтганда, у ҳеч қандай ҳаракат қилмади. У шунчаки келган, ҳужжатларни имзолаган ва кетган. Ва ҳатто ўша пайтда у бунинг учун биздан пул олган.

Шахзод бизга 5 йил берилса хурсанд бўлишимизни айтди. Ва ҳар доим у бизни «Ёзманглар, ҳеч нарса қилманглар, ҳеч кимни ўртага солманглар» деб қўрқитарди. Биз бундай ишларга ҳеч қачон тўқнаш келмаганмиз, нимадир қилишдан қўрқардик. Адолат бор деб ўйлардик. Илгари мен аҳмоқлигимдан шундай деб ўйлар эдим, улар буни тагига етишади деб ўйлардим. Етишди — 11 йил.

Шундан сўнг, биз барча юқори турувчи идораларга мурожаат қилдик, шовқин-сурон кўтариб, уларга етиб бориши учун «аюҳаннос» сола бошладик.

Реабилитация


Андрей Кубатин реабилитация тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг.

Халқаро ҳамжамият, ҳуқуқ ҳимоячилари аралашганидан сўнг унинг муддати 5 йилга қисқартирилди. Ҳаммаси шу ерда тўхтайди деб ўйладик. Бир ой давомида ҳеч бир ҳаракат қилмадик. Шу ерда менинг сабрим тугади, видеомурожаат қила бошладим, норозилик билдиришни бошладим, очлик эълон қилдим. Ростини айтсам, аввал майдонда ўзимни ёқиб юбормоқчи эдим. Мен бу ҳақида ҳамма жойда расман эълон қилдим. Менга қўнғироқ қилиб, «Бунинг сенга нима кераги бор? Сенинг кичкина болаларинг, касал онанг бор» дея фикримдан қайтаришга уринишарди. Ва мен очлик эълон қилишга қарор қилдим.

Кейин мен оммавий равишда прокурорга мурожаат қилдим. Мени Муродов (собиқ бош прокурор Отабек Муродов — таҳр.) ўз кабинетига чақириб, 20-бўлимга ишни қайта кўриб чиқиш топшириғини берди. У шундай деди: «У ерда жосуслик йўқ. Нима қилаяпсизлар ўзи? Қайта кўриб чиқинг».

Мен ҳар куни ёки ҳарбий прокуратура, ёки Бош прокуратура, Омбудсман, Сенат, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, президент девони, халқ қабулхоналарига борардим. 2,5 йил давомида мен уйда бир кун ҳам ўтирмадим, фақат дам олиш кунларидан ташқари — қабул кунлари эмасди. Охири йўқ сафарлар. Эрталаб кетаман, кечқурун келаман. У озодликка чиққунга қадар шу тарзда давом этди.

У «колонкада» бўлганида (колония — таҳр.) биз унинг олдига ҳар шанба ва якшанба кунлари келардик, у бизнинг таъминотимизда эди. Бир ҳафталик тўлиқ бозорлик қилардик. Кўрпа-кўрпача, ёстиқлар олиб бордик. Унга 5 йил берилганида, у муддатнинг учдан бир қисмини ўтади, кейин «колонна» ва «қўнғироқ». Агар биз жараённи ютмаганимизда, у беш йил давомида «колонна»да бўлган бўлар эди. У тўққиз ой давомида у ерда эди, шундан беш ойи биз ҳар ҳафта Тошкент вилояти судига мурожаат қилдик.

Кейин Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисми (реабилитация қилиш учун асослар/жиноят таркибининг етишмаслиги)ни қўллаган ҳолда, у оқланди.

Оқибатлар


Андрей Кубатин онаси Алевтина Константиновна билан.

Чиққандан сўнг у бир ой давомида ўзига келди. Аммо кейинроқ онам саратон касаллигига чалинганлиги маълум бўлди. Шундай қилиб, биз, ҳатто ўзимизга келишга улгурмасдан онамизнинг ҳаёти учун курашишни бошладик. Унда саркома бор эди. У операция қилинди. Кейин Андрей билан шундай бахтсизлик.

Андрей ягона умид эди. У онамизга ғамхўрлик қиларди, уни таъминлаётган эди. Аммо уни қамоққа олишганида, уларнинг бир хонали уйларини сотишга тўғри келди. Ва биз ҳамма пулни йўлга, озиқ-овқатга, даволатишга сарфладик.

Унинг реабилитациясидан кейин биз айбдорларни жазолашлари учун судга мурожаат қилмоқчи эдик. Бироқ, 20 кундан кам вақт ичида онамдаги касалликни аниқладик. Ўшанда эса бу кўнгилга сиғмади. Ўғлимнинг уч хонали квартираси бор эди, келиним ойим билан яшашлари учун Андрей чиқишидан ҳам олдинроқ уйни қайта расмийлаштириб бергандим. Аммо бу бетон уй, онам касал бўла бошлади. Биз бу уйда туришларини хоҳлаган эдик, лекин бундай бўлишини билмагандик.

Мен онамни уйимга олиб келдим. Менда ҳам колхоз. Ҳали чироқ ўчса, ҳали газ йўқ. Бир иложини қилиб, кунимизни кўрамиз. Уйим «снос»га тушган, бу ёғига нима бўлади, билмадим.

Зангиота

Нима учун буларни батафсил биламан. Укам менга ҳаммасини айтиб берган, ўлимидан олдин ҳам қўшимча айтиб берди. Унинг ўлими эса жуда ғалати. Бунда кимнидир қўли борлиги албатта, менинг шахсий фикрим. Ҳа, [буни исботлаш қийин]. Унда ковид тасдиқланди, аммо менда ўпканинг 5−10% зарарлангани тўғрисида МСКТ бор. Биз уни Зангиотага олиб келдик. Учинчи куни у ўзини ёмон ҳис қилди, зарарланиш 50%дан ошди. Жанжалдан кейин у реанимацияга ўтказилди. Биз қимматбаҳо дориларни сотиб олдик. Гап пулда эмас, ёрдам берганида эди…

У тузала бошлади, 20 октябргача ҳаммаси яхши эди. У икки кундан кейин ниқоби олиб ташланишини айтди. 20-куни эса тунги смена ўзгарди. Ўша кундан бошлаб унинг соғлиғи ёмонлаша бошлади, ёмонлашаверди, ёмонлашаверди. Шифокорлардан унинг ўлиши муқаррарлигидан ташқари ҳеч нима эшитмадик. 27 октябрь куни мен кун бўйи у ерда эдим. Улар менга костюм беришди, ярим соатга рухсат беришиб, унутишди. Кечгача у билан бирга бўлдим ва ундан кўп маълумот олдим. У гапирарди. Кетишдан олдин дори бериш учун жовончани очдим. Барча дорилар ишлатилмаган ҳолда ётарди. Улар унга биргина трамадолни суюқ ҳолда беришган, чунки унда ваҳима хуружи бўлган.

Апелляция

Мен суд қарори устидан шикоят қиламан [моддий зарар бўйича]. Энди буни қилишга мажбурман. Унинг боласи етим қолди. Уни катта қилиш керак, оёққа турғазиш керак. Мен тўрт кун олдин ҳарбий судга апелляция шикояти билан мурожаат қилдим. Эртага мен маънавий зарар учун ҳам ҳужжатлар тўпламини тайёрлайман.

Мен тўхтамайман. Укамни қаматган одамлар жавоб беришлари керак. Бугун улар буни менинг укамга, эртага бошқасига қилишади. Бировнинг онаси йиғлашини, кимнингдир хотини бева қолишини, болалари етим бўлишини истамайман.