Андижон вилоятида фермер хўжалигига қарашли ерни сотмоқчи бўлган фермер ашёвий далиллар билан ушланди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Балиқчи тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда маълум бўлган.

Андижон вилоятидаги фермер хўжаликлардан бирининг раҳбари Х.Р. фуқаро Ф.Т.га хўжаликка қарашли сабзавотчиликка ихтисослашган 6 гектар ер майдонининг ҳужжатларини боғдорчилик йўналишига тўғрилаб, расмийлаштиришини айтган. Фермер буни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали амалга оширишини маълум қилган.

У бунинг эвазига олдиндан келишилган 18 минг доллар ҳисобидан 189 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани, айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан фермерга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.