Aвстралияда тошқинлар оқибатида 18 киши эвакуация қилинди

Австралияда 22 март куни кучли ёмғир ёғиши оқибатида тошқинлар содир бўлди. Бунинг натижасида Порт-Маккуори шаҳри ва унинг атрофидаги бир қатор аҳоли пунктларидан 18 минг киши эвакуация қилинди. 23 март куни яна 15 минг киши эвакуация тўғрисида огоҳлантирилди. Aвстралия ҳукумати сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларга ёрдам бериш учун армияни жалб қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Скотт Моррисон маълум қилди. «Aвстралия мудофааси ҳарбийлари мамлакат шарқидаги тошқин қурбонларини эвакуация қилишда ёрдам беришади. Янги Жанубий Уэлс расмийлари Ричмонд шаҳри ва Коло дарёси ҳавзасидаги одамларни қутқариш учун ҳарбий вертолётларни юборишга ёрдам сўради. 500 дан 1000 нафаргача бўлган аскар ва офицерларнинг сафарбар этилиши кўриб чиқилмоқда, агар керак бўлса, зарар кўрган ҳудудларга юборилади», деди Моррисон. — ТАСС.


Ҳарбийлар Мьянмада 164 намойишчи ҳалок бўлганини тасдиқламоқда

Мьянмада хавфсизлик хизмати ходимлари билан тўқнашувда камида 164 намойишчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters 22 март куни ҳарбийларнинг расмий вакили Зо Мин Тунга таяниб маълум қилди. «Уларнинг вафот этганидан афсусдаман, чунки улар ҳам ушбу мамлакат фуқаролари», дея таъкидлади у. Намойишлар натижасида хавфсизлик кучларининг тўққиз ходими ҳам ҳалок бўлгани айтилди. Олдинроқ Мянмадаги сиёсий маҳбусларга ёрдам бериш уюшмаси 1 февралдан бери намойишчилар ва хавфсизлик хизмати ходимлари ўртасидаги тўқнашувда 250 киши вафот этгани ҳақида хабар берган эди. — Reuters.

1 февраль куни Мьянмада ҳукумат раҳбарлари ҳарбийлар томонидан ҳибсга олингани ва мамлакатда бир йилга фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақида хабар берган эдик.


Жанубий Корея президенти ва унинг рафиқаси AstraZeneca вакцинаси билан эмландилар

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин ва унинг рафиқаси Ким Чжон Сук AstraZeneca вакцинаси билан эмландилар. Эмланиш Сеул марказидаги президент қароргоҳи — Мовий уй яқинидаги туман клиникасида ўтказилди. Мамлакат раҳбари ва биринчи хонимидан ташқари, Корея Республикаси ҳукуматининг тўққиз нафар вакили ҳам коронавирусга қарши эмланди. Вакцинация Буюк Британияда 11−13 июнь кунлари бўлиб ўтадиган G7 саммитига тайёргарлик доирасида амалга оширилди. 21 март куни журналистлар билан учрашувда Мун Чжэ Ин AstraZeneca вакцинасининг хавфсизлиги ва самарадорлиги «халқаро миқёсда» тасдиқланганлигини айтди. У мамлакат аҳолисини вакцинанинг хавфсизлигига шубҳа қилмасликка ва эмланишга чақирди. — Yonhap News Agency.


Буюк Британия халқаро сафарларга тақиқини июль ойигача узайтиради

Буюк Британия расмийлари халқаро саёҳатлардаги тақиқни июль ойигача узайтиришни режалаштиришмоқда, қоидабузарларга 5 минг фунт стерлинг (6,9 минг доллар) миқдорида жарима солиниши кўзда тутилган. The Times’нинг хабарига кўра, ҳукумат 22 март куни депутатларга тегишли тавсиялар берган. Ушбу масала бўйича овоз бериш 25 мартга белгиланди. Нашрнинг таъкидлашича, 30 июнга қадар зарур деб ҳисобланмайдиган барча чет эл сафарлари тақиқланган бўлиб қолади. Иш, ўқиш, даволаниш учун чет элга чиқиш, ўлим тўшагида бўлган қариндоши ёки дўстига ташриф буюриш, уйланиш ёки яқин қариндошининг тўй маросимида қатнашиш, мол-мулкни кўчириш ёки сотиш учун истиснолар амалга оширилади. Чет эллик сайёҳларнинг қиролликка кириши билан боғлиқ янги тафсилотлар йўқ. Aммо, ёзилишича, Буюк Британияга кириш учун мажбурий карантин қоидалари август-сентябрь ойларига қадар юмшатилиши кутилмаяпти. Энди ҳар қандай мамлакатдан кирадиганлар 10 кун ўз-ўзини яккалайди, шунингдек, коронавирусга қарши камида учта тестдан ўтиши керак — бири киришдан олдин, иккитаси — келгандан кейин, карантиннинг иккинчи ва саккизинчи кунларида. — The Times.


БМТ бош котиби пандемия шароитида осиёликларга қилинган ҳужумларни қоралади

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш коронавирус пандемияси шароитида осиёликларга нисбатан камситиш ва ҳужумлардан хавотир билдирди. «Бош котиб COVID-19 пандемияси пайтида осиёликларга ва осиёлик миллатига мансуб кишиларга нисбатан зўравонлик кўпайганидан чуқур хавотирда», дейилади баёнотда. Бош котиб «даҳшатли ҳалокатли ҳужумлар, оғзаки ва жисмоний зўравонлик, мактабларда безорилик, иш жойидаги камситиш, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда нафратни қўзғатиш, ҳокимиятдаги одамларнинг провокацион баёнотлари» га эътибор қаратди. «Ўтган йил давомида минглаб ҳодисалар асрлар оша тоқат қилмаслик, стереотип, эксплуатация ва зўравонлик ҳолатига айланди», дея қўшимча қилди Гутерриш. — БМТ веб-саҳҳифаси.


Франция президенти одамларни «эрталаб, кундузи ва кечаси» эмлашга чақирди

Франция президенти Эммануэль Макрон аҳолини COVID-19 коронавирусига қарши эмлаш имкониятларини максимал даражада оширишга чақирди. Эмлаш марказига ташриф буюриш чоғида, Макрон вакцинация «максимал» бўлиши кераклигини ва ҳафтада етти кун «эрталаб, кундузи ва кечаси» ўтказилиши кераклигини айтди. «Эмлаш учун дам олиш ёки таътил кунлари бўлмаслиги керак», деди Франция раҳбари. Шунингдек, у 27 март кунидан бошлаб 70 ёшдан ошган инсонлар Францияда коронавирусга қарши вакцинани олишлари мумкинлигини маълум қилди. Бунгача, 65 ёшдан 74 ёшгача бўлган одамлар, агар уларда оғир касалликлар бўлса эмланиши мумкин эди. — Интерфакс.