Аввалроқ, Наманган вилояти халқ депутатлари кенгаши йиғилишида Шавкат Мирзиёев вилоят ИИБ ёшлар етакчиси, 31 ёшли Достонбек Абдуқаҳҳоровни Наманган шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлашни таклиф қилган эди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берган эди.

Наманган шаҳар ҳокимининг қарори билан Достонбек Маъруфжон ўғли Абдуқаҳҳоров Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари — шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи этиб тайинланди, деб ёзмоқда ЎзА.

Абдуқаҳҳоров 1990 йил 12 август куни Косонсой туманида туғилган. Маълумоти олий, 2014 йили Наманган давлат университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2015 йилда ИИВ тизимида патруль-пост хизмати милиционери сифатида бошлаган. 2018−2019 йилларда вилоят ИИБ ташкилий бошқармаси мурожаатлар билан ишлаш бўлими катта инспектори вазифасида фаолият юритган.

Достонбек Абдуқаҳҳоров 2019 йилнинг августидан ҳозирга қадар Наманган вилояти ИИБ кадрлар бошқармаси маънавий-тарбиявий ишлар ва ижтимоий ҳимоя бўлими ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори сифатида ишлаб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Наманган вилоятига ташриф чоғида президент Достонбек Абдуқаҳҳоровга Наманганни янги тажрибаси бўйича ишлашини айтиб, маҳаллабай ишлаш бўйича ишларни жадаллаштиришга оид топшириқлар берган эди. Сўнг, ушбу вазифани уддалай олиш ёки олмаслигини ундан сўраганди.

Абдуқаҳҳоров эса президентнинг ишончини оқлашини айтиб, мазкур вазифаларни бажаришда бор куч ғайратини аямаслигини маълум қилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз ўрнида, худди шундай ёшларни тарбия қилаётгани учун вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбариятига миннатдорчилигини билдирди.