Айни пайтда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари 26-сессияси бўлиб ўтмоқда, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Тошкентдаги раҳбарлар вилоятнинг узоқ-узоқ, ҳар бир қишлоғида пиёда юриб муаммоларни ўрганди. Мақсад битта — одамларни рози қилиш. Олисдаги қишлоқлардаги одамларимиз ҳам ўз гапларини айтганидан хабардорман. Бошқа вилоятлардан фарқли ўлароқ, Намаганда янги ташаббус билан чиқаяпмиз», — деди давлат раҳбари.

«Энди маҳалла ташаббускор, маҳалла раиси ислоҳотчи. Бунда нимани тушунамиз? Маҳалла раиси олдингидек тўй-у томошаларда одамлар кутиб, кузатадиган одам эмас. 775 та маҳаллада раислар ўзини муносиб кўра оладими? Ислоҳотчи бўла оладими? Кеча Даштбоғ маҳалласининг 22 ёшли Музаффар билан танишдим. Оқсоқолларни ҳаммасини ҳурмат қиламан, лекин ҳозирги раисга талаб мутлақо бошқача бўлаяпти».

Президент Наманган тажрибасини йўлга қўйишни таклиф этди.

«Даштбоғда оқсоқолни ҳурматини жойига қўйиб, маслаҳатчи қилайликда, маҳалла раисини ёшлар орасидан сайлайлик. 15 кунда ҳар бир туманда маҳалла раислари йиғилиши бўлади. У ерда депутатлар қатнашади. Бу Наманган тажрибаси бўлади. Олдинги маҳалла раисларини билимим етмайди деса, уни ойлигини сақлаб қолиб, маслаҳатчи сифатида қолдирамиз. Музаффарга ўхшаган ислоҳотчи ёшларни қўямиз. Раҳмат дейиш маҳалла раисини вазифаси эмас. Маҳалла раисларининг мажлисларда қатнашиши ман этилади. 775 та садоқатли одамларни топа олсак, муаммоларнинг ўзи ҳал бўлади», — дея таъкидлади Ўзбекистон президенти.

У шунингдек, Намаган шаҳри тўртта сектори раҳбарининг тақдири мажлисдан сўнг, маҳаллаларни айланиш вақтида ҳал бўлишини айтди.

«Бугун мен шаҳарни айланаман. Мошинага ўтириб, ўзим хоҳлаган маҳаллага бораман. Шунга қараб шаҳарнинг 4 та сектор раҳбари масаласи ҳал бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.