Президент Чирчиқ шаҳри Ифтихор маҳалласида аҳоли билан мулоқот қилди, уларни қийнаётган муаммо ва камчиликлар ҳақида сўради, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Аёллардан бири давлат раҳбарига хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратаётгани, тадбиркорликка ўқитиш ва тайёрлаш бўйича амалга ошираётган ишлар учун миннатдорчилик билдирди.

«Авваламбор, сизларни Наврўз байрами билан табриклайман. Эртага вилоятга ҳоким сайлаймиз. Ҳудо хоҳласа Чирчиқни мутлақо бошқача қиламиз. Қурилишлар, ички йўллар, электр энергия ва газини, барча масалани ҳал қиламиз. Энг катта нарса керак бўлса, электричкани йўлга қўямиз. Агар у ҳам маъқул бўлмаса Тошкентдан Чирчиққа қараб ерусти метросини ҳам қурамиз. Тошкентга қулай бориб келишларинг учун. Умуман саноатда ишлаб чиқаришни кўпайтириб, сизларга ва фарзандларингизга иш жойини ташкил қиламиз. Нуронийларимизга дам олиш масканларини қурамиз. Чирчиқ анча чарчаб қолди. Яъни, сув қувурлари, электр энергия таъминоти чарчаган. Кечаси ёруғлик, свети йўқ десак бу ҳам тўғри. Тегирмон навбати билан дегандек, секин-секин ҳамма масалаларни ҳал этамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мулоқот чоғида подъезддан бошқалар қараб турганини кўрган президент уларни ҳам суҳбатга тортди. У «шу ерда яшайсизларми? Иссиқ суви борми? Нима муаммолар бор, сизларни нима қийнаяпти?» деб сўради. Аёллардан бири уйни иситиш билан муаммолар борлигини айтди.