Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХ ҳамкорлигида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилди. Унда бошқа бир шахснинг мулкини сотишга уриниш ҳолати аниқланди.

Маълум бўлишича, фуқаро Х.Т. фуқаро О.нинг ишончига кириб, аслида «Т» МЧЖга қарашли М.Тороби кўчасида жойлашган 200 кв метр ер майдонини 150 минг АҚШ долларига сотишга келишган. У олдиндан 70 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олингани айтилмоқда.

Ҳолат юзасидан Х.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.