Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахтда коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар штаби раҳбари, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида махсус йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари, шаҳар сектор раҳбарлари, туман ҳокимлари ва бошқармалар раҳбарларидан иборат штаб аъзолари иштирок этди. Йиғилиш доирасида сўнгги кунларда «Тошкент шаҳрида коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари ортаётганлиги» юзасидан Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ахбороти тингланди.

«Шунингдек, мавжуд вазиятни назоратга олиш, шаҳримизнинг барча туманлари, маҳаллалари, иш жойлари ва таълим масканлари, шунингдек, аҳоли кўп тўпланадиган бозорлар ва савдо марказлари, жамоат транспортларида амалдаги карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди», — дейилади хабарда.

Баёнотга асосан, пойтахт ҳудудида коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш ҳамда амалдаги карантин талаблари ва санитар-гигиена тартиб қоидаларига аҳоли томонидан тўлиқ риоя этилишини назоратга олиш бўйича масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

«Тошшахартранcхизмат» АЖ хабар беришича, шаҳар жамоат транспортидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқобда бўлишлари, шунингдек, белгиланган карантин талаблари ва санитария меъёрларига қатъий амал қилишлари талаб этилади. Ушбу талаблар бугунги кундаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, жамоат транспортида «COVID-19» вируси ҳамда турли юқумли мавсумий инфекциялар тарқалишининг олдини олиш ва йўловчилар саломатлигини асраш мақсадида жорий этилди.