Аввалроқ, 13 март — шанба куни умумхалқ ҳашари бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик.

Хайрия ҳашарини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбай Раматов фуқароларни мажбурий тартибда ҳашарга жалб қилиш қатъиян тақиқланганини маълум қилди. Бу ҳақда ишчи гуруҳда хабар қилишди.

Ушбу талаб бузилган ҳолларда, яъни, иш берувчилар томонидан ходимларни ҳашарга маъмурий мажбурлаш фактлари аниқлангудек бўлса, мансабдор шахслар жаримага тортилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан пухта мониторинг ўтказиш топшириғи берилди. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида вазирликнинг ишонч рақамларига хабар қилиш мумкин: 71−200−06−00 ва 1176.

Хайрия ҳашарини ўтказишда маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонларни ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтирилади.

«Маҳалламга 30 туп дарахт менинг туҳфам» шиори остида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахтлар экиш, дарахтларни оқлаш ва буташ ишлари амалга оширилади.

Умумхалқ ҳашари доирасида бўлмаган бошқа турдаги жамоат ишлари, жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмайди.

Автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқлангани қатьий назоратга олинади.