Ҳукуматнинг тегишли фармойишига биноан, «Наврўз» умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш, шунингдек маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида 2021 йил 13 март куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида «Обод ва кўркам маҳаллам» ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш белгиланди.

Уни ўтказиш бўйича бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.

Хайрия ҳашарини ўтказишда маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонларни ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтирилади.

«Маҳалламга 30 туп дарахт менинг туҳфам» шиори остида барча турар жой мавзелари ва маҳаллаларда гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахтлар экиш, дарахтларни оқлаш ва буташ ишлари амалга оширилади.

Умумхалқ ҳашари доирасида бўлмаган бошқа турдаги жамоат ишлари, жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмайди.

Автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқлангани қатьий назоратга олинади.

Ушбу тарғибот-ташвиқот тадбирларида жойларда иш берувчилар томонидан ҳашарда кўзда тутилган ишлар учун ишчиларни мажбурий тарзда жалб этишга мутлақо йўл қўйилмайди, акс ҳолатда мутасаддиларга нисбатан жазо чораларини қўлланади.