Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатга кирувчилар учун қоғоз сўровномасини бекор қилди, 15 мартдан бошлаб йўловчилар жўнашидан олдин электрон анкетани тўлдиришлари керак бўлади. Бу ҳақда Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб Royal Flight матбуот хизмати хабар берди.

«15 мартдан бошлаб Туркияга кириш қоидалари ўзгаради. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги Туркияга олиб бориладиган барча рейсларда (транзит рейслар бундан мустасно) қоғозли кўринишдаги COVID-19 сўровномасини тўлдириш талабини бекор қилмоқда. Бунинг ўрнига йўловчилар Туркияга келишидан 72 соат олдин вазирлик саҳифасида анкетани тўлдиришлари керак», дейилади компания баёнотида.

Royal Flight’нинг таъкидлашича, анкетани тўлдиргандан сўнг, уни босиб чиқариш ёки смартфон, планшет ва бошқа қурилмаларга юклаб олиш керак бўлади. Йўловчилар босилган ёки юклаб олинган ариза шаклини жўнаш аэропортида авиакомпания ходимига тақдим этишлари шарт.

Фото: Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Сўровнома шакли)

Ушбу тадбир Туркияда бўлган чет элликларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш ва коронавирус ҳақида сўнгги маълумотларни тақдим этиш учун жорий этилган. Сўровномада мамлакатга кириб келаётганнинг паспорт ва алоқа маълумотлари, миллати, жинси ва кириб келиш туринининг (денгиз, ҳаво ва бошқалар) кўрсатилиши керак.

«Тўлдирилган маълумотларга асосланиб, шахсий HES коди автоматик равишда яратилади, бунинг натижасида сиз ёки сизнинг саёҳатингизда бўлган одамлар орасида COVID-19 га чалинган беморлар ёки улар билан алоқада бўлган йўловчилар бўлган бўлса, сиз билан боғланишади», — дейилади порталдаги хабарда.

Шунингдек, нотўғри маълумот берганлик учун сайёҳларга Туркияга киришни вақтинча тақиқлашгача маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин (бу мамлакат фуқароларига ва яшаш гувоҳномаси билан кирганларга тааллуқли эмас).