Мингбулоқ туманида «G» МЧЖ раҳбари И.Д. ва бошқалар банк муассасасидан автомобилларга техник ва маиший хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиш учун ажратилган 1 млрд сўм имтиёзли кредитни талон-торож қилгани айтилоқда. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Мингбулоқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.

Таъкидланишича, жамият раҳбари ва унинг танишлари сохта ҳужжатларни тузиб, кредит маблағини нақдлаштиришган ва ўзлаштириб олган.

Ҳолат юзасидан И.Д. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.