2020 йилда Қорақалпоғистонда умумий қиймати 436 млн долларлик 712 та лойиҳа амалга оширилиб, 4 минг 300 дан ортиқ иш ўрни яратилган эди. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида эса 52 та лойиҳа бажарилиб, натижада 300 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган.

9 март куни Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда келгусида амалга оширилиши режа қилинган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Бу борадаги ишларнинг тизимли давом сифатида умумий қиймати 887 млн доллардан зиёд бўлган яна 711 та лойиҳа шакллантирилган. Натижада қарийб 222 млн долларлик ишлаб чиқариш қувватини ташкил этиш, 100 млн долларлик импорт ўрнини босиш ҳамда 41 млн долларлик экспортни таъминлаш мумкин бўлади. 22 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади, дейилади хабарда.

Лойиҳаларнинг 201 таси саноат, 280 таси хизмат кўрсатиш, 230 таси қишлоқ хўжалиги тармоқларига тўғри келмоқда.

Қорақалпоғистоннинг бой минерал ресурсларини қайта ишлаб, қурилиш материаллари тайёрлаш мақсадида 150 та лойиҳа режалаштирилган. Натижада йилига 1 трлн сўмдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қўшимча 3 млн долларлик экспорт қилиш имконияти яратилади. Мисол учун, Мўйноқ туманида керамика ва қамишдан плиталар, Тўрткўл туманида ойна ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Тўқимачилик соҳасида 40 та, фармацевтика йўналишида 16 та корхона ташкил этиш мўлжалланган. Бу корхоналарда 5 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланади.

Улардан бири — артемия цистасини қайта ишлаш бўйича лойиҳа. Қисқичбақасимонлар оиласига мансуб ушбу митти жонзотдан тайёрланадиган маҳсулотлар тиббиёт, фармацевтика, косметология, қишлоқ хўжалиги каби кўплаб соҳаларда фойдаланилади. Шу боис 30 млн доллар эвазига корхона ташкил этиб, йилига 3 минг 500 тонна артемия цистасини қайта ишлашни йўлга қўйиш режалаштирилган. Унинг экспорт қуввати 30 млн доллар бўлиши мўлжалланган. Бу ерда 500 та доимий, 2 мингта мавсумий иш ўрни яратилади.

Қизилмия илдизини чуқур қайта ишлаш бўйича яна 13 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг самарасида қизилмия маҳсулотлари экспорти миқдорини ҳозирги 29 млн доллардан 62 млн долларга етказиш мақсад қилинган.

Қорақалпоғистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятлари ҳам жуда кенг. Масалан, чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик бўйича 117 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Уларнинг самарасида 7 мингга яқин кишининг бандлиги таъминланади. Аҳамиятлиси, ушбу лойиҳаларнинг 24 таси гўшт, сут ва терини қайта ишлаш, омухта ем ишлаб чиқаришга йўналтирилган.

Давлат раҳбари хорижий тажрибани татбиқ этган ҳолда, наслли чорвачилик ва балиқчиликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Ресурсларни тўла ишга солиб, қайта ишлашни чуқурлаштириш, аҳолига доимий даромад манбаи яратиш чора-тадбирлари юзасидан кўрсатмалар берди.