3 март куни Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро Х.Н. вилоят ИИББга берган аризасида, «ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи» деб таништирган шахс ўғлини ДХХ ҳарбий қисмларидан бирига ишга киритиб қўйиши учун 5 000 АҚШ доллари талаб қилаётганини маълум қилган, дея Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзини «ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси Кадрлар бўлими бошлиғи» деб таништирган шахс — Э.М. катта лейтенант унвонидаги ДХХнинг хизмат кийими (формаси)да келишилган 5 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини олаётган вақтида ушланди.

Сурхондарё вилоятида яшовчи Э.М.,(1998 й.т.) ҳеч бир давлат органи ёки бошқа ташкилотда ишламаслиги, шунингдек, аввалроқ ДХХга қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлиги аниқланди.

Ушланган шахсга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Бундан аввал, Қашқадарё вилоятида юқори лавозимдаги танишлари орқали Миллий гвардияга ишга киритмоқчи бўлиб, 4 минг АҚШ доллари сўраган шахс аниқланган эди.