3 март куни контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси таркибида ташкил этилган махсус таркибий тузилма — Ситуацион марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати. Ушбу бошқарма ўтган йилнинг ёзида президент фармони билан ташкил этилган эди.

Биринчи шундай Ситуацион марказ Япония ҳукумати кўмагида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Бу ўз навбатида, чегара божхона постлари ва уларга туташ ҳудудлардаги инфратузилма объектларини ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва назорат техник воситалари билан етарли миқдорда жиҳозлаш, тирбандликларни келиб чиқишини олдини олиш мақсадида ташкил этилган.

Фото: UNODC

Таъкидланишича, ушбу марказ чегара-божхона постлари авто ва темир йўл транспорт воситаларини сканер қилувчи юқори габаритли инспекцион-кўрик мажмуалари, инсон тана аъзоларини сканерловчи «Боди скан» мосламалари, замонавий рентген ускуналари, контрабанда ашёлари ҳамда қалбаки хорижий валюталарни аниқловчи турли восита ва детекторлар, радиацион портал мониторлар ва пейджерлар, тезкор-қидирув фаолияти махсус техник анжомлари билан таъминлаш имконини беради.

Келажакда мазкур марказ божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишини рақамли технологияларни қўллаган ҳолда янги замонавий босқичга олиб чиқади ва трансчегаравий жиноятларга, айниқса, наркотикларнинг контрабандасига самарали тўсиқ бўлиши кутилмоқда.

Марказ миллий, ҳам минтақавий, ҳам халқаро даражадаги турли хил ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамкорлигидаги операцияларни тезкор мувофиқлаштириш маркази вазифасини бажаради, дейилади хабарда.

Марказ қиймати 500 минг АҚШ долларилик ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, улар таркибига компьютерлар, мультимедиа ва офис ускуналари, махсус мебеллар, узлуксиз қувват манбалари, кондиционерлар, тармоқ тизимлари, маълумотларни сақлаш ва киришни бошқариш тизимлари ва бошқалар киради.