Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши масаласи юзасидан ўз муносабатини билдирди.

«Халқаро ҳамжамиятга ҳар қандай қўшилиш шахсий суверенитетингизни чеклаш демакдир. Бу аксиома. Ўзбекистоннинг эҳтиёткорлиги ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолиятни олиб бориш ҳамда ташқи ҳамкорларимизни аниқлашда мустақилликни қандай қилиб сақлаб қолиш мумкинлиги бўйича эди. WTO`га [Жаҳон савдо ташкилоти] аъзо бўлишда бу каби муҳим масалалар йўқ. У ерда ўзимизни манфаатларимизни ҳимоя қилиш бўйича жуда аниқ механизмлар мавжуд. Нима учун ҳозир музокаралар жуда узоқ давом этмоқда? Чунки у ерда Ўзбекистон ўзининг иқтисодий ривожланиш даражасини ҳисобга олган ҳолда, ўз манфаатларини ҳимоя қилиши ҳамда бошқа мамлакатлар — савдо ҳамкорлари томонидан ютиб юборилмаслиги учун жуда аниқ позициялар яратилмоқда», — дея таъкидлади Содиқ Сафоев.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари ЕОИИ етарлича ўрганилмагани боис Ўзбекистон аввалига кузатувчи мақомида унга қўшилганини айтди.

«ЕОИИ нуқтаи назаридан — бу механизм етарли даражада ўрганилмаган. Шунинг учун аввал кузатувчи бўлишга қарор қилинди. Бу ёғда қовурилиб, механизмини кўриш учун. Шундан сўнг, қарор қабул қиламиз, албатта жамоатчилик билан бирга», — деди у.

Журналист Кирил Альтман «жамоатчилик „Бу Ўзбекистонни Россияга янада қарам қилиб қўядиган сиёсий қарор, бу СССРни янги форматда қайта жонлантириш, бу ортга йўл мавжуд бўлмаган иттифоқ“ дея таъкидламоқда, бу гапларда қанчалик жон бор?», дея савол берди.

«Албатта, бундай фикрларни парламентда ҳам ўрганиб чиқдик. Биласизми, биз 27 йилдан бери бундан ўзимизни узоқлаштирганмиз. Бунинг натижасида ҳеч қандай яхши нарсага эришмадик. Бизда саволлар кўп. Мен ҳар доим бугунги кунда ўзлари учун ҳуқуқий майдонда эмасликлари ноқулайлик туғдираётган Россия, Қозоғистон ва бошқа жойлардаги миллионлаб одамларимиз ҳақида ўйлайман. Мен бу ерда қолиб, ўз боқувчиси ва ота-онасини кутаётганлар ҳақида ўйлайман», — деди сенатор.

Бундан ташқари, суҳбат чоғида халқаро такшилотларга аъзо бўлишнинг асосий талабларидан бири саналмиш — судлар мустақиллигига ҳам тўхтаб ўтилди.

«Бу хорижий инвесторлар ҳамда иттифоқ учун ҳам муҳим қисмлардан бири ҳисобланади. Судларнинг мустақилиги айнан ҳозир жуда муҳим. Ишонинг, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш бўйича интенсив ишлар олиб борилмоқда. Шу жумладан, инглиз қонунининг элементларини иқтисодий секторга киритиш масаласи, қолаверса, бу бўйича бошқа давлатларнинг тажрибаси ҳам ўрганилаяпти. Буни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам, унга қарши чиқарётганлар ҳам бор. Лекин, ҳамма тушуниб турибди, суд ҳокимиятининг мустақиллигисиз жамият барқарор ривожланмайди», — деди Сафоев.