Якшанба куни «Humo Arena» муз саройида «Заковат» клуби аъзолигига Тошкент шаҳри ва вилоятидан ариза топширганлар учун интеллектуал кастинг ўтказилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Заковат» интеллектуал клубига аъзо бўлиш учун ариза топширганлар 13 мингдан кўпроқни ташкил этмоқда. Шундан 11 минг 111 нафари якка тартибда, қолган 1 932 нафари эса 322 та жамоа тарзида рўйхатдан ўтган. Ташкилотчиларнинг айтишича, республика бўйича «Заковат» турнирлари учун жами 1 млрд 690 млн сўм ажратилган.

Ушбу тадбир муҳрланган суратлар шарҳлари билан эътиборингизга ҳавола этилади.

Блогер Азиза Қурбонова.

Блогерлар Хуршид Далиев ва Баҳодир Аҳмедов.

Блогер Нурбек Алимов.

«Заковат» клуби аъзолари. Блогер Хушнудбек Худайбердиев суратга олаяпти.

Шерзод Икрамутдин.

Кастинг иштирокчилари ва ташкилотчилар ҳозир бўлишгач, тадбир бошланди.


«Газета.uz» мухбирининг айтишича, тадбирнинг расмий қисми (видео) айрим жиҳатлари билан «Иллюзия обмана» (Now You See Me) фильмини эслатиб юборади. Кинодаги каби Заковатнинг илк кастингида ҳам тўрт нафар бошловчи (улардан бири аёл киши) саҳнага кўтарилиши, мусиқий чиқишлар (саундтрек) ва бошқа бир қанча кўзга яққол ташланган элементлар беихтиёр фильмни эслатиб юборади. Ҳаттоки, бошловчиларнинг кириш сўзини кетма-кетликда ижро этиши ҳам.

Шундан сўнг, Миллий масс-медиани ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов нутқ сўзлади.

У 100 йил аввални, яъни жадидлар даврини мисол қилиб келтирди. Алламжоновнинг айтишича, орадан 100 йил ўтса ҳам, ҳолатда силжиш йўқ. «Тузум, сиёсат, давр ўзгарган, дунёқараш эса ҳали ҳам ўша-ўша», деди у.

«Бугун олдингизда имконият эшиклари яна ланг очилди! Улардан самарали фойдаланайлик. Аслида ўзи, бугун шундоқ ҳам кечга қолиб бўлдик, эртага эса янада кеч бўлади. Вақт бизга қарши ишлаяпти. Лекин ҳечдан кўра, кеч бўлса ҳам, зудлик билан олдинга қадам қўяйлик.

Мен клубимизнинг ҳар бир аъзосини оламга кенг қарашга, улкан мақсадлар қўйиб, улар сари интилишга, ўз устида ишлашга, орзуларини чекламасликка, ҳеч қачон таслим бўлмасликка ва ҳеч кимга, илм йўлидаги шаҳдингизни сўндирмоқчи бўлган ҳеч кимга қулоқ солмасликка чақираман. Ҳар биримиз майдонда якка-ёлғиз қолгандан кўра, билим атрофида жипслашсак, бирга бўлсак, катта натижаларга эришамиз", — деди Заковат клуби ҳомийси.

Комил Алламжоновдан кейин минбар қаршисига унинг ўринбосари Саида Мирзиёева кўтарилди.

Мирзиёева нутқи аввалида Қуръони Карим оятидан иқтибос келтириши ва сўзи якунида ҳадисни мисол қилиб келтиришини кўпчилик кутмаган эди.

«Бисмиллохир рахмонир рахим. „Ярфаъиллаҳуллазийна аамануу минкум валлазийна уутул илма дарожаат“. Яъни „Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…“ — Мужодала сураси, 11-оят», — дея сўз бошлади Мирзиёева.

У Заковат аёллар учун ҳам омад трамплини эканини айтди.

«Заковат клуби — эркаклар билан тенг равишда аёллар учун ҳам омад трамплини, интеллектларни бирлаштирувчи макон, мамлакатни олдинга етаклайдиган кучдир. Заковат — бу бизнинг учар гиламимиз, автомобилимиз, самолётимиз, ракетамиздир. Биз эса имконсиз нарса йўқлигини биладиган сайёҳлармиз. Ўзимиз истаган манзилга парвоз қилиб, гуллар чаман очилиб ётган заминга албатта етамиз» — дея таъкидлади Саида Мирзиёева.

Тадбирнинг расмий қисми Заковат клуби учун махсус яратилган Шохрух рэпер ижросидаги композиция билан якунланди.

Навбат кастингга келган якка тартибдаги иштирокчиларни гуруҳларга ажратиб олишга.

Ташкилотчиларнинг айтишича, 30 та тест саволлари ва 10 мантиқий саволларга иштирокчиларнинг жавоби орқали рейтинг тузилади. Шунга кўра, қатнашчилар гуруҳларга ажратилади. 6 март куни эса улар жамоавий тартибда Заковат клубининг интеллектуал ўйинларида бевосита ўз қобилият ва билимларини кўрсатишга муваффақ бўлишади.

Клуб аъзоси Хушнудбек Худайбердиевнинг сўзларига кўра, «бу кастингдан ҳеч ким йиқилмайди». Кастинг натижаларига мувофиқ, якка тартибда қатнашаётганларнинг рейтинги тузилади. Шунга кўра, иштирокчилар 6 кишилик жамоаларга, рейтингдаги кетма-кетликка асосланиб, тақсимланади.



Дастлаб, 30 савол ўқиб эшиттирилган бўлса, унга жавоб бериш учун 20 сониядан вақт берилди. Ундан кейин мантиқий саволларни жавобига эса 30 сониядан ажратилди.

Ҳушнудбек Худайбердиевнинг айтишича, 2 кун муддатда жавоблар ўрганилиб чиқилади ва шунга мувофиқ, гуруҳлар тузилади. Жамоа ҳақида маълумотларни сайт оқали, махсус ID ёрдамида билиб олиш мумкин.


Яна бир жиҳат. Ташкилотчилар жамоалар тез муддатларда бир-бири билан танишиб олиши ҳамда келгусидаги ўйинларга тайёргарлик кўриш мақсадида уларнинг маълумотлари автоматик тарзда гуруҳнинг ҳар бир аъзосига тақдим этилади.


Тошкент шаҳри ва вилояти ўйинлари ютуқ фонди эса 130 млн сўмни ташкил этмоқда. Маблағлар брейн-ринг танловлари асосида ғолиб жамоаларга тақдим этилади.

Шу куни якка тартибда иштирок этаётганлар ўз билимини намоён этиш мақсадида саволларга жавоб беришган бўлса, жамоаси аллақачон шаклланиб бўлганлар эса ўйинлар олдидан чигалёзди қилиб олишди.


Жавоб варақалари волонтёрлар томонидан йиғиб олинди.

Савол-жавоб жараёнлари тўлиқ якунига етгач, ташриф буюрганлар учун концерт дастури тақдим этилди.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Қуйида «Заковат» клубининг Тошкент шаҳри ва вилояти учун интеллектуал кастингида эълон қилинган саволлар ва уларнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола этамиз.